Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Негаки, 2020 йил бир қадар машаққатли, бир қадар синовли, бир қадар таҳликали бўлди.
Президентимиз барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди. Жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилган. Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида ўтган йили 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Давлатимиз раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталди.
Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.
Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади.
Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади.
Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.
Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Умуман олганда, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ҳаётда ўз самарасини бермоқда. Бунинг натижасида аҳолининг судларга бўлган ишончи ортмоқда.
Асқар Мамараҳимов,
Жиззах вилояти маъмурий суди раиси