Фарғона шаҳрида судлар фаолиятини ёритиш масалалари бўйича журналист ва блогерлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда соҳа вакилларининг “Суд органларининг ОАВ ва жамоатчилик билан мулоқот олиб боришининг ҳуқуқий асослари”, “Ахборот тарқатишда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда жавобгарлик масалалари”, “Суд ишларига оид материалларни тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари” мавзулардаги маърузалари тингланди.
Семинар давомида бугунги кунда ОАВ ва судларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ёпиқ ва очиқ судлар ва уларда журналист ва блогерларнинг иштирок этиш тартиби масалаларида сўз борди. Шу билан бирга, кўпчиликни қизиқтирган судда иштирок этиш учун чақирилган иштирокчилар, ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг соатлаб кутиш ҳолатларига ойдинлик киритилди.
Cеминарда журналист ва блогерлар ҳуқуқий мавзудаги материалларни ёритишда инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёт дахлсизлигига эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари зарурлиги таъкидланди. Афсуски, бугунги кунда соҳа вакиллари томонидан мазкур тартиб-қоидага риоя қилмаслик, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда инсонларнинг розилигисиз шахсий ҳаётига тегишли маълумотларнинг берилиши жамоатчиликда турли муносабатлар шаклланишига олиб келмоқда.
Мутахассислар томонидан ахборотни узатаётганда инсон шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказмаслик учун сўзлардан эҳтиёткорона фойдаланиш, суд-ҳуқуқ тизимига оид терминларни тўғри қўллаш ва бошқа масалалар юзасидан зарур тушунчалар берилди.
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети доценти Беруний Алимов томонидан иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, “Шов-шувли иш бўйича суд мажлисининг ОАВда ёритилиши ” мавзусида симуляцион ўйин ўтказилди.
Семинар-тренингни жиноий, иқтисодий маъмурий судлар судялари иштирокида суд ва ОАВ ўртасидаги муаммоли масалаларга бағишланган савол-жавоб асосидаги мулоқот якунлади.
[gallery-3038]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ,ЎзА