
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Наманган вилоят судларининг йиллик фаолият якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида йил давомида эришилган ютуқлар ва камчиликлар ҳақида сўз борди.
Анжуманда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Зарифахон Қурбонова томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишларига оид маълумотлар тингланди.

Таъкидланганидек, Наманган вилояти суди жиноят ишлари бўйича шаҳар, туман судлари томонидан 7066 нафар шахсга нисбатан 5 минг 422 та иш кўрилган. Судлар томонидан инсонпарварлик тамойили қўлланилиши натижасида 11 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 484 киши суд залидан қамоқдан озод қилинган бўлса, 1512 фуқарога Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинланган.
1455 шахсга нисбатан 1 минг 357 та иш тарафлар ярашганлиги сабабли ҳаракатдан тугатилган. Жазо муддатини ўтаётган 62 кишининг жазоси ушбу кодекснинг 74-моддасига асосан енгилроғи билан алмаштирилган, 2368 фуқаро эса юқоридаги кодекснинг 73-моддасига кўра, тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Эътиборлиси шундаки, суд мажлислари ва сайёр қабуллар натижасида судлар томонидан йил давомида ажралиш ёқасида турган 76 оилани яраштиришга эришилган. Иқтисодий судлар томонидан эса 26 минг 239 та иш мазмунан ҳал этилиб, шундан 11 минг 845 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Ҳисобот даврида кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир 1 минг 669 та, 467 миллиард 807 миллион сўмлик ишлар кўрилиб, 1 минг 323 та иш бўйича уларнинг фойдасига 274 миллиард 698 миллион сўм қарздорликларни ундириш бўйича суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Кейинги пайтларда судларга мурожаат ва аризаларнинг сони тобора ошганлиги сабабли судьяларнинг иш ҳажми ва юкламаси ошиб бормоқда. Биргина 2024 йил мобайнида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суднинг ҳар бир судьясига 372 та иш тўғри келди.
– Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бугунги куннинг энг асосий масалаларидан ҳисобланади, – дейди Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов. Бу борада вилоят судининг судлов ҳайъатлари, туманлараро, шаҳар, туман судларига 2024 йил мобайнида жами 8094 та мурожаат келиб тушган. Суд – адолат тоғининг энг чўққиси бўлиши керак. Шунга ишонган фуқаро судларга нажот ва ечим излаб келади. Айни шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, 3102 мурожаат судлар томонидан қаноатлантирилган, 4911 тасига эса ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Тадбирда, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари жамиятда одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасидаги саволларга суд раислари ва судьялар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА