
Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳалар, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бунинг тасдиғини кейинги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта ташкил этилаётганида кўриш мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда депутатлар томонидан иккинчи ўқишда батафсил кўриб чиқилган қонун лойиҳалари фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бинобарин, Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳаларга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини ташкил этиш белгиланмоқда.
Одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қонун лойиҳалари орқали назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш, апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш назарда тутиляпти. Жумладан, Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.
Амалда мавжуд бўлган Олий суд судьясининг назорат шикоятини Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқариш ваколати бекор қилинмоқда, яъни процессуал кодексларда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган шикоят (протест) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилиниб, судлов ҳайъатида кўриб чиқилиши таклиф этиляпти.
Қонун лойиҳаларида инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги акс этмоқда.
Шунингдек, судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан қатнашиши истисно этилмоқда. Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли экани ҳам таклиф этиляпти.
Жиноят-процессуал кодексига янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидаларини белгиловчи қўшимчалар, қатор янгиликлар киритилмоқда. Уларга кўра, ушбу ҳуқуқни илгари назарда тутилганидек нафақат прокурор, балки жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳам амалга ошириши мумкин. Янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги илтимос ёки хабарни кўриб чиқиш ҳуқуқи Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳалари билан жиноят ишлари бўйича суд қарорларининг қонуний кучга кириши ва ижро этилиши тартиби аниқлаштирилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳалари қонун ташаббускори томонидан киритилгандан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи билан биргаликда фаол иш олиб борилгани, натижада халқ вакиллари эътирозларига сабаб бўлган нормалар чиқариб ташланганини қайд этди. Процессуал кодекслардаги нормаларни бирхиллаштириш мақсадида ўнга яқин моддаларга янги қисм ва бандлардан иборат ўзгартиш ва қўшимчалар, амалиётда келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш бўйича ўндан ортиқ моддаларга янги аниқлаштирувчи нормалар, шу билан бирга, кўплаб моддаларга таҳририй тузатишлар киритилди.
Парламент аъзоларининг таъкидлашича, мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар одил судловни кафолатлаш, фуқароларнинг судга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилгач, депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Моҳигул Қосимова.
ЎзА