Тошкент шаҳар суди ва маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш бўйича қилинган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар фуқаролик, жиноят, иқтисодий ишлари бўйича ва маъмурий суд масъуллари томонидан маърузалар қилинди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббосов Фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти юзасидан қилган маърузасига кўра, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида жами 44 минг 33 та фуқаролик иши тамомланган.

Жами тамомланган 44 минг 33 та суд ишидан 31 мингдан ортиғига ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 28 минг 606 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган. 2 минг 923 таси рад этилган, 420 та иш юзасидан иш юритиш тугатилган ҳамда ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 76 та иш ва 7 мингдан ортиқ материал кўрилган. Судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига даъво ариза тақдим этишда ихтиёрий 24.832.227.007 сўм давлат божи тўланган бўлиб, иш якуни бўича суд қарорлари асосида 51.158.051.336 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабовнинг сўзларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2022 йил биринчи ярми давомида 6 минг 489 нафар шахсга нисбатан 5 минг 274 та жиноят ишлари кўриб тамомланган.
Судлар томонидан жорий йил биринчи ярмида жами 99 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1 минг 186 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган. Жиноят оқибатида етказилган 200 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 626 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган ҳамда 888 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидовнинг маълумотига кўра, ҳисобот даврида жами 30 минг 401 та даъво ариза ва ариза келиб тушган. Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 21 миллиарддан ортиқ сўмни ташкил этган.
Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 13 минг 863 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 7 минг 616 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 9 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 524 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 46 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.
Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари Ғолибжон Давлатовнинг Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари фаолияти юзасидан ахборот тингланди.

Жумладан, Тошкент шаҳар ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2022 йил 6 ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1 минг 957 та иш кўриб тамомланган, шундан 1 минг 238 та оммавий низолар ҳисобланади.
Оммавий низолардан 605 таси қаноатлантирилган. 134 та хусусий ажрим чиқарилиб, қонунбузилиш ҳолатларига тегишли муносабат билдирилган, чиқарилган хусусий ажримлар бўйича 11 та мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Ўтган йил шу давргар нисбатан олинса бу 28,8 фоизга ошган.
Шу билан биргаликда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ жами 719 та илтимоснома кўрилган. Мазкур тоифа ишлари тасдиқланган ички жадвал асосида судьялар томонидан Реабилитация марказида махсус жиҳозланган хонада сайёр кўрилмоқда. Қабул қилиш рад этилган аризалар сони 106 та, қайтарилган аризалар сони 100 та бу ҳолат жуда ижобий баҳоланади.
Маъмурий низолар бўйича ариза бериш тартибига риоя қилмаган фуқаро ва юридик шахслар билан телефон орқали боғланиб, хато ва камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тушунтириш берилиши амалиёти кенг жорий қилинган.
Гулноза Бобоева, ЎзА