“Медиация” атамаси халқимиз учун янги тушунча бўлиши мумкин, бироқ бу аслида миллий қадриятдир.
Одамларимиз ҳам “фалончи пистончини судга берибди” деган гап-сўздан андиша қилади. Шу сабабли, халқимиз инсонлар ўртасида низо келиб чиқса, ёши улуғлар ўртага тушади, томонларни ўзаро яраштиришга ҳаракат қилади. Юридик тил нуқтаи назаридан, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади. Содда қилиб айтганда, томонлар ўртасида низо юзага келса, уни судда эмас, медиатор ҳузурида ҳал қилиш тушунилади.
Мазкур амалиёт мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида” ги қонуни билан йўлга қўйилган. Тадбиркорлар ўртасида низо келиб чиқса ва томонлардан бири иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилган бўлса, суд тарафларга низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш мумкинлигини тушунтиради. Башарти, томонлар низони медиатор ҳузурида ҳал этиш истагини билдирса, суд уларга 2 ойдан ошмаган ҳолда муддат беради ва бу орада ишни кўриш тўхтатилади. Агарда тадбиркорлар шу 2 ой давомида медиатив келишувга эришса, суд даъвони кўрмасдан қолдиради. Бу – низо суддан ташқари, суднинг иштирокисиз ҳал этилди дегани.
Судга ишига тушган тадбиркорларимиз яхши билади судда иш кўрилса, албатта давлат божи ундирилади. Томонларнинг медиатив келишув тузганлиги натижасида суд даъвони кўрмасдан қолдирган бўлса, давлат божи ундирилмайди. Чунки низони суд ҳал этмадида. Эътибор беринг, Андижон вилояти иқтисодий судлари томонидан 2020 йилда 16 та, 2021 йилда 160 та, шу йилнинг 2 ойида эса 72 та иш иш медиатив келишув тузилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган. Бундан аёнки, низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш кўрсаткичи йилдан йилга ошмоқда.
Бундай тартибнинг тадбиркорларга қандай қулайлиги бор?
Биринчидан, низо суд томонидан эмас, медитор ҳузурида томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳал этилади.
Иккинчидан, медиатив келишув натижасида судда кўрилаётган даъво кўрмасдан қолдирилса, давлат божи ундирилмайди.
Учинчидан, томонлар суд томонидан берилган муддат ичида медиатив келишувга эришолмаса, суд даъво бўйича ишни тўлиқ кўриб чиқади ва тегишли қарори эълон қилади.
Тўртинчидан, агарда медиатив келишувни томонлардан бири ихтиёрий равишда бажармаса, иккинчи томон судга такроран ўша даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Бевосита амалиётдан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси “Асака пахта тозалаш” акциядорлик жамияти манфаатида иқтисодий судга мурожаат қилиб, жавобгар – “Водий саноат фахри” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 12 миллиард 941 миллион 712 минг 264 сўм асосий қарз, 6 миллиард 470 миллион 856 минг 132 сўм пеня ундиришни сўраган. Суд муҳокамаси даврида томонлар низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш истагини билдирган ва судга профессионал медиатор ҳузурида томонлар иштирокида тузилган медиатив келишувни тақдим этган.
Суднинг 2022 йил 8 февралдаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган. Медиатив келишув тузилганлиги натижасида суд даъвони кўрмасдан қолдиргани учун давлат божи тўлови билан боғлиқ имтиёз мавжудлиги сабабли тарафлардан 388 миллион 251 минг 367 сўм миқдорида давлат божи тўланмайдиган бўлди.
Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида хитойлик инвестор иштирокида даъво ариза муҳокама қилинди. Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар – “Agrotour Technovation” масъулияти чекланган жамияти ва Андижон шаҳар ҳокимлиги билан 2019 йил 7 октябрдаги келгусида инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратиш учун бино-иншоотларни олди-сотди шартномасини бекор қилишни ва 825 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундиришни сўраган.
Шартнома шартига кўра, хитойлик инвестор камида 5 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиши (бино-иншоотларни реконструкция қилиши, жиҳозлаши ва меҳмонхонага айлантириши) ва камида 50 нафар доимий иш ўрни яратиш мажбуриятини олган. Дастлаб инвестиция киритиш муддати 2020 йил 6 октябрга қадар белгиланган, кейинчалик томонларнинг келишуви билан муддат икки марта 6 ой муддатдан узайтирилган. Инвестор томонидан инвестиция 2021 йил 6 октябргача тўлиқ киритилиши ва меҳмонхона ишга тушурилиши лозим бўлган. Шу сабабли, даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, шартнома ва қўшимча келишувларни бекор қилишни, жарима ундиришни сўраган.
Суд муҳокамаси даврида томонлар инвестиция киритиш якунланиб қолганлиги, мажмуа бир-икки ойда тўлиқ ишга туширилишини маълум қилиб, низони медиатив келишув йўли билан ҳал этишни сўраган. Суд томонидан уларга низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш учун 2 ой муҳлат берилган ва ҳозирча ишни кўриш тўхтатилган. Бундай тартиб хорижлик инвесторга шу муддат давомида инвестицияни тўлиқ киритиш ва мажмуани ишга тушириш учун яна бир имконият берилганидан далолатдир.
Шоядбек МИРЗАЕВ,
Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари.
ЎзА