Суданда портлаш. 34 киши нобуд бўлди
Судан пойтахти Хартум яқинидаги Омдурман шаҳридаги бозорда юз берган портлашда камида 34 киши, жумладан 14 аёл ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди.
Қароргоҳи Абу Дабида жойлашган “Араб янгиликлари” – “Sky News Arabia” телеканали хабар беришича, воқеа Тезкор харакат кучлари (RRF) ва Судан армияси ўртасидаги жанг чоғида юз берган. Қурбонларнинг аксарияти оддий аҳоли вакиллари – харидор, сотувчилар.
Ҳар икки томон яқинда Жиддада музокарани давом эттиришга тайёрлигини айтган бўлса-да, армия томонидан қўзғолон сифатида қабул қилинган RRF ҳужуми гуманитар вазият янада ёмонлашишига олиб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, аҳолининг учдан бир қисми озиқ-овқат хавфига дуч келиб, тегишли тиббий хизматдан маҳрум бўлиши мумкин.

Суданда жорий йил 15 апрель куни ҳарбий ҳаракат бошлангандан бери 9000 дан кўп одам ҳаётдан кўз юмган, 5,5 миллиондан ортиқ аҳоли уй-жойини тарк этган. Мунтазам равишда бир-бирини айблаётган на Тезкор ҳаракат кучлари, на мамлакат армияси вазиятга изоҳ бермаяпти.
Халқаро босим ва халқ ғазабига қарамай, Хартум, Омдурман ва Хартум Баҳри шаҳарларида даволаниш хизмати, тез ёрдам машиналари ва тиббий гуруҳлар танқислиги асносида ҳар икки томон объектларни портлатишда давом этяпти.
Касалхоналарнинг қарийб 70 фоизи хизмат кўрсатиш қобилиятини бутунлай йўқотган. Ишлаётган бир неча шифохона дори-дармон, тиббий ёрдам воситалари, хизмат ва тез ёрдам машиналари билан боғлиқ жиддий танқисликдан азият чекмоқда. Ўта хавфли шароитда ишлаётган бир неча тез ёрдам бригадаси узоқ ҳудуддан жароҳатланганларни замбил ёрдамида ташишга мажбур бўлмоқда.
Пойтахт аҳолисининг 80 фоиздан кўпи манзилини тарк этган, қолганлар хавфли шароитда қолмоқда. Жанубий Хартум маҳаллаларидаги қашшоқ аҳолининг озиқ-овқат захираси тугаётгани айтиляпти.
М.Пирматова,
ЎзА