Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан идора, ташкилот, муассаса ва корхоналар ишчи, хизматчи ва ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш мақсадида турли спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ана шу ташаббус доирасида Жиззах вилояти судлари томонидан ташкил этилган мини футбол беллашувлари кўтаринки руҳда ўтди.

Унда вилоят миқёсида фаолият олиб бораётган туманлараро, туман ва шаҳар судларининг судьялари ҳамда суд аппарати ходимларидан иборат 8 та жамоа 3 кун давомида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Ушбу мини футбол мусобақасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, суд тизими ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жамоавий ҳаракат, ҳамжиҳатлик, соғлом рақобат ҳамда дўстона муҳитни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Беллашувлар қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ғолиб ва фаол жамоаларни аниқлашда ўйин техникаси, жамоавий уйғунлик ва спорт маданиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Беллашувлар якунига кўра, барча рақибларини мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиққан Жиззах вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг биринчи жамоаси мусобақанинг мутлоқ ғолиби деб топилди.
Иккинчи ўрин вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг иккинчи жамоасига ва 3-ўрин эса вилоят маъмурий суди жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар Жиззах вилоят суди ва вилоят маъмурий суди раислари томонидан кубок, медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари