Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиши қайд этилди.
Фуқароларга суд биносига келмасдан “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларининг кўриб чиқилиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бир неча йилдан буён давом этмоқда.
Айни пайтда марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси жорий этилгани туфайли биринчи инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида инсон омилисиз, холислик тамойили асосида автоматик тарзда тенг тақсимлаш имконияти яратилди.
Олий суд ва Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди. Бу, судлар ижро ҳужжатларини мажбурий ижро бюроларига судьяларнинг электрон рақамли имзоси билан электрон шаклда юборишга имкон бермоқда.
2020 йил 1 июндан электрон шаклда кўрилган ишларнинг электрон архиви яратилди.
Тергов органлари томонидан жиноят ишлари юзасидан тўпланган ҳужжатларга доир маълумотларни судларга юбориш ва ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ ахборотларни олиш фақат интеграция қилинган ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Аҳолини судлар томонидан кўрсатиладиган интерактив хизмат турлари билан ягона манзил асосида хабардор қилиб бориш, судлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган интерактив хизмат турларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш мақсадида Олий суднинг Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) жорий этилди. “Қарорлар тўплами” (public.sud.uz) рукни орқали қонуний кучга кирган суд қарорлари тизимли равишда эълон қилинмоқда.
2020 йилнинг февраль ойида “Электрон қабул” (qabul.sud.uz) рукни орқали масофадан туриб Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулига онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш тизими жорий этилганди. Июнь ойида эса “Онлайн кузатув” (my.sud.uz/#/monitorning) рукнига мурожаатларни судларга тақдим этиш шаклидан қатъий назар уларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имконини берувчи ахборот тизими ишга туширилди. Октябрь ойидан бошлаб судлар ва Жазони ижро этиш муассасалари ўртасида видеоконференцалоқа тизими ўрнатилди. Мазкур тизим судланувчи ва маҳкумлар ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг суд мажлисларида иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган этап масаласига чек қўйди.
2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудио ёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш йўлга қўйилди.
2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, 1 октябрдан бошлаб эса барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш жорий этилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш, 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
2021 йил январь ойидан 17 давлат органи ва ташкилоти ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизими билан интеграция қилиш орқали муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби жорий этилди.
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ижроси фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратишга, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Баҳром Очилов,
Олий суд бошқарма бошлиғи.
ЎзА