Суд тизимида халқаро ҳамкорлик
Андижонда “Маъмурий тартиб таомиллар, маъмурий судларда иш юритишдаги долзарб муаммолар ва манфаатдор тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги имкониятлари” мавзусида ҳалқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг минтақавий филиали (GIZ), Андижон вилояти ҳамда туманлараро маъмурий судлари ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда маъмурий суд судьялари, хорижий экспертлар – Германия халқаро ҳамкорлик жамияти вакиллари иштирок этиб мазкур йўналишдаги мамлакатимиз ва хорижий қонунчилик меъёрлари, амалиётдаги ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилда қабул қилинган “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти, маъмурий судлар иш юритувида томонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонун талабларини татбиқ этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш хусусида сўз юритди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари, Берлин (Германия) шаҳар маъмурий судининг судьяси Й.Пуделька, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти минтақавий филиалининг Ўзбекистондаги ҳуқуқий лойиҳа раҳбари К.Коре-Перконе эса бу борада Германия тажрибаси, халқаро қонунчилик ва меъёрлар бўйича маълумотлар берди.
Анжуман иштирокчилари ва экспертлари томонидан маъмурий тартиб таомиллар, маъмурий судларда иш юритишдаги муаммолар ва манфаатдор тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, мазкур йўналишда ҳалқаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур анжуман соҳа вакилларига мавзу доирасидаги билим ва малакаларини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш имконини берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА