Суд тизими: тайинловлар ва жазолар
Судьялар олий кенгашида судьялик лавозимининг биринчи ва навбатдаги муддатига, шунингдек ваколат муддатига қайта тайинлаш бўйича очиқ танлов ўтказилди.
Тайинловга оид барча жараёнлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида очиқлик асосида ўтди.
Танлов натижаларига кўра, судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддати учун ҳужжат топширган 18 нафар номзоднинг 15 нафари судьялик лавозимига лойиқ, деб топилди. Икки нафар номзод захирада қолдирилган бўлса, бир нафари номуносиб топилди.
Бундан ташқари, етти нафар номзоднинг навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш масаласини кўриб чиққан кенгаш аъзолари уларнинг олти нафарига ишонч билдирди, бир нафари захирага қолдирилди.
Судьялик ваколат муддати даврига қайта тайинлаш бўйича беш нафар номзоднинг тўрт нафари танловдан муваффақиятли ўтди.
Шунингдек, Судьялар олий кенгаши қарори билан бир нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди, олти нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортишга розилик берилди.
Эслатиб ўтамиз, судьяларга нисбатан интизомий жазо чоралари (Судьялар олий кенгаши розилигидан сўнг) тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўлланилади.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА