Навоийда жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман (шаҳар) судлари томонидан 105 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган айбловлар бекор қилинган.
Бу Навоий вилоят судида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар юзасидан берилган ахборотда оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлисларида иштирок этиш тартиби ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Дастлаб вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда адолатни қарор топтиришда суд органларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Берилган маълумотларга кўра, якунланган йилда жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туман (шаҳар) судлари томонидан 1075 нафар шахсга нисбатан 873 та жиноят иши тамомланган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан 21 тага ёки 2,5 фоизга ошган.
– Тамомланган ишларнинг 20 таси вилоят судининг биринчи инстанциясида, 853 таси туман (шаҳар) судларида кўрилган, – дейди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Азизжон Сафаров. – Ўтган давр мобайнида 296 нафар шахсга нисбатан 274 та иш тугатилган. Шундан 282 нафарига нисбатан 261 та жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тўхтатилган. Энг муҳими, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида судлар томонидан 105 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчаси оқланган ёки ишлари реабилитация асосларига кўра тугатилган. Шунингдек, 147 нафар шахсга нисбатан 99 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб, ҳукм чиқарилган.
Навоий вилояти маъмурий судлари томонидан 2020 йилда 22 минг 80 нафар шахсга нисбатан 16 минг 889 та, жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 671 та иш кўриб чиқилган.
– Судлар томонидан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф, деб топишга оид 593 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 550 та ариза қаноатлантирилган, 29 та ариза рад этилган, 4 та ариза кўрмасдан қолдирилган ва 10 таси иш юритишдан тугатилган. Шунингдек, 2020 йилда ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 389 та хусусий ажрим ва 206 та тақдимномалар чиқарилган, – дейди вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродов.
Қайд этилишича, вилоят ва туманлараро иқтисодий судларида 2031 та, вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан эса 1969 та иш кўриб чиқилган. Шунингдек, судлар томонидан жойларда ўтказилган “Сайёр суд мажлислари”, “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси остида тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг бажарилиши, судьялар томонидан ўтказилган учрашув, очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Анжуманда Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳам қайд этилди.
Ҳар қандай давлатнинг обрў-эътибори, нуфузи унда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари қай даражада таъминлангани билан баҳоланади. Фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш эса бевосита суд органлари билан боғлиқдир.
Абдували Бўриев, ЎзА