Суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги вазифалари
Маълумки, мамлакатимизда тарихан қисқа вақт ичида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам мислсиз даражадаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муносабат
Маълумки, мамлакатимизда тарихан қисқа вақт ичида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам мислсиз даражадаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда суд тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш бўйича янги, тарихий давр бошланиб, мазкур йўналишдаги давлат сиёсати янги босқичга олиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлар билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини янада ошириш, судьяларни танлаш ва тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
2020 йил 10 август куни қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида суд-тергов соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Мазкур фармон билан мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштириш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш белгиланган.
Ушбу Фармон билан суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб берилди.
1. Бундан буён тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади.
2. Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинади. Бунда айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш амалиёти жорий қилинади.
3. Жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра, суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартиби жорий қилинади.
Бунга кўра, сўроқ қилишини лозим бўлган шахс оғир касал ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини тарафлар илтимосига кўра аввалдан мустаҳкамлаб, сўнг ушбу кўрсатувларни суд процессида далил сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.
4. Агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга берилади.
5. Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди.
6. Суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга берилади.
7. Шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъий назар, ярашув институти доирасига тушадиган Жиноят кодекси тегишли моддаси ёки қисмига суд томонидан ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартиби жорий қилинади.
8. Судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартиби ўрнатилади.
Бугунги кунда жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш вазифаси қўйилган экан, бунинг учун судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айланиши зарур.
Шу маънода, мазкур Фармонда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш имконини беради.
Музаффар Кукиев,
Шерзод Юлдашев
Жиноят ишлари бўйича
Сергели туман суди судьялари