Суд соҳаси фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
Наманганда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирига вилоят сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, суд фахрийлари ва судьялар таклиф қилинди.
Вилоят суди раиси Алишер Усмонов таъкидлаб ўтганидек, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бунда айниқса, судларнинг жамиятда тутган ўрнини мустаҳкамлаш, одил судлов фаолиятини амалга оширишда судья ва суд ходимлари учун муносиб шароитларни яратиб беришга давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суд тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мазкур ислоҳотлар одил судлов самарадорлигида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда вилоятда одил судлов фаолиятини амалга ошириш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда судлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, судьялар ва тизим фидойилари Олий суд, Судьялар олий кенгаши, вилоят судининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг буйруғи билан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Олий суд раиси ташаккурномаси билан тақдирланди.

Президентимизнинг тегишли фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган. Мустақиллик шодиёналари арафасида узоқ йиллар судялик лавозимида самарали фаолият олиб борган соҳа фидойилари Судьялар олий кенгашининг “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Наманган вилоятидан бундай шарафга вилоят маъмурий судининг раиси Зарифахон Қурбонова муносиб кўрилди. Тантанали тадбирда кўкрак нишони ўз эгасига топширилиб, устозга эҳтиром кўрсатилди.
Шунингдек, энг улуғ, энг азиз айёмимизнинг 32 йиллиги шарафига Наманган вилояти судининг судьяси Бумайрам Бобомирзаева, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг раиси Соҳиба Йўлчиева, вилоят маъмурий судининг судьяси Умида Нишонова Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фахрий ёрлиғи, жиноят ишлари бўйича Наманган туман судининг раиси Баҳодир Абдуллаев Судьялар олий кенгашининг эсдалик соати билан мукофотланди.

Тадбирда мукофотланганлар муносиб тақдирланиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Шу билан бирга, одил судлов фаолиятини амалга оширишда судлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига вилоят судининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари берилди.
Тадбирда кўп йиллар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали фаолият юритиб, ўнлаб шогирдлар тарбиялаган суд фахрийси Наргиза Халиловани нафақага кузатиш маросими ҳам ўтказилди. Сўзга чиққанлар устозни яхши раҳбар, суд тизими фидойиси сифатида тилга олишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА