Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудудларидаги бўлимларига келиб тушган мурожаатларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳолатларга дуч келиш мумкин.
Наманган вилояти Чортоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан судга киритилган даъво ариза Янгиқўрғон туманлараро судида кўриб чиқилди. Маълумотларга кўра, 2024 йил 22 апрелда Микрокредитбанк фойдасига фуқародан 9,9 миллион сўм кредит қарзи, 17 минг сўм почта харажати ва 397 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган эди.
Энг қизиғи, суд қароридан “жавобгар”нинг хабари бўлмаган. Фуқаро О.Б. мазкур қарордан 2025 йил июнь ойида автомашинаси жарима майдончасига олиб кетилгач хабар топади.
Жамият ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида маълум бўлдики, фуқаро банкка мурожаат қилмаган. Фақат моддий ёрдам тайинлаш учун ҳужжатларини тақдим этган. Айни шу ҳужжатлар орқали номаълум шахслар номидан кредит расмийлаштирилган бўлиши мумкин.
Суд ҳолатни атрофлича кўриб чиқиб, 2024 йил 22 апрелда чиқарилган суд буйруғини бекор қилди. Натижада истеъмолчининг зиммасидаги асоссиз қарздорлик бартараф этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.