Суд-ҳуқуқ тизими: ислоҳотлар самараси
Жиззах вилоят судида Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини амалга ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мавзусида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман мамлакатимизда ўтган 5 йил мобайнида суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилгани, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши ва мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ тизимини янги босқичга олиб чиққанлиги алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилгани қайд этилди.
– Бугунги кунда фуқаролар давлат органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан (ёки ҳаракатсизлиги) норози бўлган тақдирда бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилмоқда, – дейди Жиззах вилояти маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Шарофиддин Болиев. – Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида туманлараро маъмурий суди иш юритувига келиб тушган оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишлардан 438 та (ўтган йилнинг шу даврида 407 та) ариза бўйича ишлар кўриб тамомланган. Шундан 230 таси қаноатлантирилган, 166 таси рад қилинган, 25 та иш тугатилган, 17 та иш кўрмасдан қолдирилган.
Бундан ташқари, туманлараро маъмурий суди иш юритувига йўл қўйилган камчиликлар учун 179 та хусусий ажримлар киритилган. Жиззах вилояти маъмурий суди Раёсати йиғилишида 2022 йилнинг 9 ойи давомида жами 21 та мажлисда 22 та масала муҳокама этилган.
Тадбирда Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилгани, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилгани ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА