Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди.
Унга кўра, суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида очилади. Бу жараён олий таълим муассасалари ва давлат суд-экспертиза муассасалари билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
Тайёрлаш курслари натижаларига кўра тегишли суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланиш учун сертификат берилади.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, нодавлат суд экспертларининг ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби жорий этилди.
Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра, шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилади.
“Суд экспертиза соҳасида дуал таълим бўйича кадрларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, тингловчилар амалиётни суд-экспертиза муассасаларида ўтказади. Ушбу таълим дастури одатий таълим стандартларига мувофиқ тузилган бўлиб, олий таълим муассасаси ва давлат суд-экспертиза муассасаси ўртасида тасдиқланган ўқув режаси, ўқув дастурлари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мос бўлади.
Қайта тайёрлаш курсларини битирган тингловчилар мустақил равишда суд экспертизасини ўтказиш ва суд-экспертиза хулосасини расмийлаштириш малакасига эга бўлади.
Ўқув курслари йилига икки марта – октябрь ва февраль ойларида ташкил этилади. Дуал таълим битирувчиси ўз хоҳиши бўйича ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда келгусида суд эксперти сифатида давлат ва нодавлат суд-экспертиза муассасаларида меҳнат фаолиятини олиб бориши мумкин бўлади.
ЎзА