Суд амалиётидаги низолар муҳокама этилди
Тошкент шаҳар маъмурий судида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги ролига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренингда маъмурий судларнинг ташкил этилиши, ўзига хос хусусиятлари, улар томонидан кўриб чиқиладиган низолар батафсил муҳокама қилинди.
Кадастр агентликлари фаолияти билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишдаги суд амалиёти ва унда вужудга келаётган муаммолар ҳамда бу борадаги қонунчилик ва амалиёт баъзи ўринларда уйғун келмаётган ҳолатларга мутахассислар алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, ерларни ажратиб бериш бўйича қонунчиликка зид тарзда чиқарилган ҳоким қарорини бекор қилиш нуқтаи-назаридан кадастр агентлигининг судга киритилган даъво аризаларини кўриб чиқиш борасидаги амалиёт иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, судьялар ва давлат кадастр агентликлари мутахассислари буларнинг ечими билан боғлиқ таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва кадастр органлари ходимлари онлайн тарзда иштирок этиб, фикр билдирди.
ЎзА