Фарғона вилоят судлари томонидан “Янги Ўзбекистон: суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Прокуратура, ички ишлар органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда тизимнинг муҳим янгиланишларига эътибор қаратилди.
Қонун, адолат устувор жамиятда албатта, тараққиёт бўлади, одамлар ҳам ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Шу боис юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Охирги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлигининг ўзи жиддий ислоҳотларга асос бўлмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам соҳадаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Вилоят суди раиси Шуҳрат Камолов суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириш зарур бўлган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириб бориш баробарида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб берганини таъкидлаб ўтди.
Фарғона вилоятида биргина ўтган йилда судлар томонидан 27 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Шунингдек, жойларда судьялар томонидан сайёр суд мажлислари, мулоқотлар ташкил этиляпти. Эҳтиёжманд оилаларга, хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Асосийси, аҳолида судларга, одил судловга нисбатан ишонч пайдо бўлди.
Семинар – тренингда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Бузрукхон Аброров, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Фарруҳ Абдураимов ва бошқалар соҳада қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш ва судни “адолат қўрғони”га айлантиришдан иборат эканлигига эътибор қаратилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат) ЎзА