Ўзбекистонда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган кам таъминланган оилаларга ипотека кредитлари учун давлат субсидиялари бериш яна бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрель куни “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, субсидия уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, кам таъминланган оилаларга берилади. 18 ёшдан ошган фуқаролар субсидия олиш учун мурожаат қилишлари мумкин. Субсидиялар қишлоқларда яшовчиларнинг расмий даромади 6 млн 762 минг сўмгача, Тошкент шаҳрида эса даромади 9 млн 660 минг сўмгача бўлган фуқароларга ажратилади.Мазкур маблағдан жорий йилда қанча аҳолига субсидия ажратилади? Бунда нималарга эътибор берилади?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уй-жой қурилиши ва ипотекани ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Бобур Тоҳиров билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.
– Жорий йилда қанча фуқароларга ипотека кредити асосида субсидия ажратилади?
– Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган фармонларига биноан, даромади кам, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига уй-жой сотиб олиш учун давлат томонидан субсидия ажратиш бўйича маъёрлар белгилаб берилди. Унга кўра, жорий йилнинг уй-жой олиш учун субсидияга аризалар 15 майдан 1 ноябргача қабул қилинади. Фармонга кўра, ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун жами 10,9 трлн.сўм маблағ йўналтирилиши кўрсатилган. Битта ипотека учун Қайта молиялаштиришнинг энг кўп суммаси Тошкент шаҳрида 420 млн.сўм, ҳудудларда 330 млн.сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Фармонга кўра, Қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади. Кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига «яшил» уй-жой стандартлари жорий қилинади. Ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 июндан «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади. Ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади.
Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун — ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун — кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Фармонга мувофиқ, дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади. Хусусан, 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса — Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади. Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 2024 йилги Дастурдан бошлаб, қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.
– Субсидия учун бериладиган бошланғич сумма 3 йилдан бери бир хил: 30 миллион сўмни ташкил этади. 3 йил олдин ҳам субсидия маблағи 420 миллион сўм эди, ҳозир ҳам шу маблағ берилади. Сир эмас, инфляция йилдан йилга кўтариляпти ва уй-жой нархи йилдан-йилга ошяпти. Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ажратиладиган маблағни бозорга қараб қўйиши керакмиди?
– Айтганингиздек, уй-жой нархида ўзгариш бор. Ҳозир айтиб ўтганингиздек, Тошкент шаҳрида уйларнинг квадрат метри 13-17 миллион сўмгача сотиляпти. Тошкент шаҳри марказлашган солиқ тўлаш жиҳатидан 5 та ҳудудга бўлинган. Биринчи, иккинчи марказлашган ҳудудларда 13-17 миллиондан сотилади. Биринчидан, 4-5 ҳудудда арзон уй-жойни топса бўлади.Иккинчидан, бу давлат бюджетидаги пул маблағи субсидия олувчиларнинг барчасига етиши керак. Бу борада халқаро эксперт, халқаро молия ташкилотлари билан ҳам маслаҳатлашганмиз. Ҳозир ипотека кредити асосида ажратиладиган субсидия миқдорини ошириб қўядиган бўлсак, ўз-ўзидан уй-жойнинг нархи тенг баробарга ошиб кетади.
Оддий аҳоли ҳам уй-жой олишга қийналиб қолади. Бу бозор иқтисодиёти.Қанча субсидиянинг миқдорини оширганимиз сари, уй-жойнинг нархи ҳам ошиб бораверади. Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бу йил Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида, ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
“Янги Ўзбекистон” массивлари сони 38 та эди. Бу йил 52 тага етказилади. Бу ердаги хонадонлар ҳам фуқароларимизга субсидия асосида берилади. Шуни ҳам айтиш жоиз, аҳолини уй-жой олиш учун ажратилаётган субсидия миқдорининг бошланғич миқдори яқин кунларда оширилади. Бу борада ишлар олиб борилмоқда.
– Кўпчилик фуқаролар субсидия хабарномасини олгани, аммо субсидияга уй-жой топганида қурилиш фирма белгиланган муддатда уйни фойдаланишга топшира олмаганлиги сабабли, субсидия муддати ўтиб кетганини айтишади. Мана шундай вазиятда қандай йўл тутса бўлади?
– Ўтган йили 350 мингдан зиёд аҳоли субсидия хабарномасини олиш учун ариза топширган бўлса, улардан 30 мингтасига субсидия хабарномаси берилди. Қолган 14 мингтаси эса маълум бир сабабларга кўра, бу имтиёздан фойдалана олмади. Кимдир уй тополмади, кимдир пул тополмади. Қўшимча субсидияга олиш учун аризалар қабул қилинди. Яъни 14 мингта аҳоли субсидия хабарномасини олди. Ўтган йили жами 44 мингта аҳоли субсидия хабарномасига эга бўлди.
– Субсидия олиш учун белгиланган ойлик маош суммаси билан танишиш жараёнида яна бир қизиқ парадоксга дуч келдик. Яъни Тошкент шаҳрида 10 баллик тизимда энг юқори балл олиш учун номзоднинг ойлик маоши максимал 4 075 998 сўм этиб белгиланган. Агар айни кунда бу шаклдаги сотувга қўйилган уйлар нархи ва фоиз суммасини ҳисобга олсак, субсидия олган фуқаронинг квартира харид қилиши ушалмас орзулигича қолаверадими? Буни қандай изоҳлайсиз?
– Орзу бўлиб қолмайди. 4 миллион бўлишини кучли мутахассислар ишлаб чиққандир. Фуқароларга субсидия тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида белгиланади. Мазкур мақолада субсидия ва унинг миқдори, уни олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда субсидия ажратишда инобатга олинадиган ижтимоий мезонлар таҳлил қилинган.
Низомга кўра, фуқаролар томонидан уй-жой сотиб олишда давлат бюджетидан субсидия ажратилиши учун оиланинг ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган МҲТЭКМ нинг 2,7 бараваридан 8 баравари(8 400 000 сўм)гача, Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМ нинг 2,7 бараваридан 9,2 баравари(9 660 000 сўм)гача бўлиши керак.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/c-eXTi9O5_Q" title="Subsidiyaga ajratilayotgan mablagʻ oshirilsa, uylar qimmat boʻladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>МҲТЭКМ – Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳозирги кунда 1 050 000 сўм. Уй-жойнинг тўловини маълум қисми давлат томонидан субсидия шаклида тўлаб берилиши мумкин лекин, қолган қисми бу кредит дегани. Узоқ йиллар давомида сиз ўша кредитни ўз вақтида тўлаб боришингиз керак дегани. Юқорида айтиб ўтганимиздек, яқин кунларда аҳолини уй-жой олиш учун ажратилаётган субсидия миқдорининг бошланғич миқдори оширилади. Бу борада илмий тадқиқот институтлар томонидан ишлар олиб борилмоқда. Яқин кунларда бу борада яна тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА