Суғурта хизматлари – давр талаби
Суғурта хизматлари бозор иқтисодиёти шароитида корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилувчи самарали воситага айланди.
Суғурта хизматлари бозор иқтисодиёти шароитида корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилувчи самарали воситага айланди.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 10 апрелдаги «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аҳолига кўрсатилаётган суғурта хизматлари кўлами ва сифатини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги суғурта компаниялари томонидан аҳолига кўплаб турдаги суғурта хизматлари кўрсатилаётир. «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг икки юздан ортиқ туман ва шаҳар бўлинмасида икки мингдан зиёд суғурта агенти фаолият юритмоқда. Аграр тармоқда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган ушбу ташкилот корхона ва муассасалар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган.
– Жамиятимиз суғурта тармоғининг барча йўналиши бўйича хизматлар кўрсатади, – дейди «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг қишлоқ хўжалиги ва молиявий таваккалчиликларни суғурталаш департаменти бош менежери Абдурашид Ваҳобов. – Бугунги кунда суғурталанувчиларга юздан ортиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга қирқдан зиёд суғурта тури таклиф этилмоқда. Тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилаётган имтиёзли кредитлар қайтарилиши бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини, экинлар ҳосилини, барча турдаги парранда ва чорва молларини, лизинг шартлари асосида берилган қишлоқ хўжалик техникаларини суғурталаш фермерларга манзур бўлаётир.
Мамлакатимизда интенсив боғлар майдони йил сайин кенгаймоқда. Уларни суғурталаш муҳим бўлгани боис «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш бўйича бир қатор янгиликларни жорий қилмоқда. Суғурта шартномалари соддалаштирилиб, суғурта таваккалчиликлари 14 тадан 17 тага кўпайтирилди. Алоҳида суғурта таваккалчиликлари учун суғурта тарифлари белгиланиб, улар ҳудудлар бўйича табақалаштирилди. Суғурта даъволарини кўриб чиқиш ҳам соддалаштирилди ва суғурта ҳодисаси юз бермаганда суғурта тарифларини камайтириш амалиёти жорий этилди. Келгусида зарар даражасидан келиб чиқиб, суғурта тарифларини доимий равишда қайта кўриш, давлат эҳтиёжлари учун пахта хомашёси ва ғалла етиштиришни молиялаштиришга ажратиладиган кредит маблағлари қайтарилмаслиги суғуртаси бўйича электрон дастурни жорий этиш, янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.
Ўзига хос ёндашувни талаб қиладиган суғурта турларидан яна бири чорвани суғурталашдир. Унинг бошқалардан фарқи шундаки, суғурта турларида етказилган зарар қисман қопланса, бунда зарарни қоплаш фақатгина чорва нобуд бўлганда амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 23 мартдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 29 декабрдаги 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари ижросини таъминлаш, аҳоли ва фермерларнинг чорвасини табиий офатлар, касалликлар ва бошқа ҳодисалар оқибатида нобуд бўлишидан суғуртавий ҳимоялаш мақсадида фермер хўжаликлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Табиий офатдан ёки чорва молларининг касалликка чалинишидан зарар кўрган фуқаролар уларни ихтиёрий суғурта қилган бўлса, зарар тўлиқ қопланмоқда.
Мухтасар айтганда, «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти томонидан кўрсатилаётган суғурта хизматлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларни турли табиий офатлардан ҳимоялашда муҳим омил бўлмоқда.