«Students Cup» турнири талабаларни яшил майдон сари чорламоқда
Бундан икки йил муқаддам мини-футбол бўйича «Students Cup» мусобақаси талаба-ёшлар томонидан илиқ қарши олиниб, ҳар бир учрашув ўзига хос байрамга айланиб кетганди.
Орадан икки йил ўтиб мазкур мусобақа яна талабаларни яшил майдон сари чорламоқда.
Ўзбекистон профессионал футбол лигаси хабарига кўра, ўтказилиши йўлга қўйилаётган "Students Cup" турнири давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 ноябрдаги «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва "workout" спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2023 йил 7 апрелдаги «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига асосан ёшларнинг футболга қизиқишини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Айни вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси олий таълим муассасалари ўртасида III босқичли «Талабалар лигаси» мусобақасини ўтказиб келмоқда. «Students Cup» турнири «Талабалар лигаси» каби даврий мусобақа ҳисобланмайди. У кубок шаклида ўтказилади. Бир неча кун ичида ғолиб жамоа аниқланади. Турнир пойтахт ва Тошкент вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкил этилиши белгиланди.
Бугун, 4 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари иштирокида "Students Cup" мусобақасини ташкил этиш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда унинг ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида фикрлар билдирилиб, "Students Cup" турнирида иштирок этиш тартиби, унинг низоми, гуруҳларни шакллантириш тартиблари хусусида қарорлар қабул қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА