Психолог Оксана Ткачук кунлик стрессни енгишда тавсиялар берди. Кундалик янгиликлар, айниқса, коронавирус билан боғлиқ турли хабарлар оқибатида дунё аҳли кучли стрессни бошидан ўтказаётгани сир эмас. Ҳар бир ахборот ўз навбатида бизнинг психологик ва жисмоний соғлиққа таъсирини ўтказмай қўймайди. Руҳий тушкунликларга қандай қарши туришни билиш ҳар биримиз учун муҳим, дейди психолог.
Қандай қилиб биз ҳис-туйғуларга тўсқинлик қила оламиз? Адреналин энг юқори даражага етгандан сўнг пасайишни бошлайди. Шунинг учун хавотир, ваҳима ёки бошқа ҳолатларнинг аломатларидан қочманг, аксинча, нохуш туйғуларни пассив равишда бошдан кечиришга ҳаракат қилинг. Шунда кучли хавотирни ҳам тезда енгишга мослашасиз.
Асаб таранглигини бартараф этишнинг яна бир эски, аммо самарали усули бу — ҳаракат. Стрессни енгишда спорт залига бориш ёки кундалик жисмоний машқларни бажариш тавсия этилади. Ёдингизда тутинг, кунига олти соатдан кўпроқ вақтни иш столида ўтказадиганлар бошқаларга қараганда кўпроқ стрессни бошидан ўтказади.
Туйғуларни оғзаки баён қилиш — бу диапазони жуда кенг, кулишдан ёки йиғлашдан тортиб гапиришга қадар бўлган усул. Кўз ёшларда йиғлаш билан бирга кортизол (стресс гормони) ажралиб чиқади. Имконият мавжуд бўлган вазиятда иккиланманг, йиғлаб стрессдан халос бўлинг. Тинглай оладиган ва қўллаб-қувватлайдиган одам бўлса, нутқ ёрдам беради. Хавотирларингизни яқин инсонингиз билан бўлишинг. Уни иложи борича овозингиз, имо-ишорангиз билан жонли равишда ифода этинг.
Ўзингизни эркин ҳис қилинг. Агар қўлингиздан келса ёрдамга муҳтож бўлган бошқаларга тасалли беринг. Бошқаларни тинчлантириш орқали ўзингиз ҳам тинчланасиз.
Қичқириқ ҳам фойдалидир (кимсасиз жойда, ўрмонда ёки караокеда). Бундан ташқари, у қадар фаол бўлмаган, аммо самарали яна бир усул бор: сиз ўзингизнинг ҳолатингизни батафсил тасвирлаб, ҳис-туйғуларингизни қоғозга тушурасиз. Шунингдек, ҳис-туйғуларни нафақат ёзиш, балки чизиш ҳам мумкин.
Нафас олиш амалиёти — эмоционал стрессни йўқотиш жараёнида нафас олиш машқлари алоҳида ўрин тутади.
Ижобий ҳиссиётларни ривожлантиринг. Ишда танаффус қилиб туринг. Қувонч ва ижобий энергияни бошдан кечиришнинг энг яхши усули бу ҳаётингизни завқ билан тўлдирадиган тадбирларга кўпроқ вақт ажратишдир: мазали таомлар тайёрлаш, қизиқарли одамлар билан суҳбатлашиш, мусиқа тинглаш, мутолаа ва бошқалар. Якунида баъзи психологлар, кўрилаётган янгиликлар сонини камайтириш ёки содир бўлаётган нарсалардан иложи борича узоқлашишни тавсия этади.
Хулоса қилиб айтганда, ўз-ўзига ёрдам беришнинг асосий стратегияларидан бири бу — давом этишдир. Яшашда давом этинг, эрталаб яхши кайфият билан уйғонинг, одамлар билан учрашинг, режаларингизни бажаринг. Шу билан бирга, мақсадларни режалаштиришда давом этинг ва кучингиз даражасида, зўриқишсиз, босқичма-босқич уни амалга оширишга ҳаракат қилинг.