Стол тенниси: Янги чемпионлар аниқланмоқда
Қарши шаҳрида стол тенниси бўйича давом этаётган U13 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳар бир йўналиш бўйича энг кучли кичик ракетка усталари аниқланмоқда.
Ўтган кунлар мобайнида қизлар, ўғил болалар ва аралаш йўналишларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Қизлар жамоаси ўртасидаги баҳсларда Жиззах, Тошкент, Сирдарё ва Наманган вилояти терма жамоаси аъзолари шоҳсупага кўтарилган бўлса, ўғил болалар ўртасидаги жамоавий ўйинларда Қашқадарё, Фарғона, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоалари кучлилар қаторида эътироф этилди.

Чемпионатнинг аралаш жуфтлик баҳсларида андижонлик Фарзона Фурқатова/Оролмирзо Худойбердиев, эркаклар жуфтлигида Тошкент вилояти вакиллари Шаҳриёр Шавкатов/Шоҳжаҳон Авазов, теннисчи қизлар жуфтлигида андижонлик Одинахон Арслонова/ Дилоромхон Арслонова 1-ўринни эгаллади.

Кеча чемпионатнинг яккалик баҳсларида саралаш мусобақалари бўлиб ўтди. Саралаш мусобақаларидаги қарама-қаршиликлар сарҳисобига кўра, ўғил болалар орасида бронза медалларига андижонлик Амир Шириев ва самарқандлик Ҳусайн Искандеров, қиз болалар орасида хоразмлик Мафтуна Ибодуллаева ҳамда сирдарёлик Сарвиноз Бўрибоева эга чиқди.

Бугун, 19 март куни яккаликнинг финал учрашувлари ташкил этилади. Қиз болалар орасида андижонлик Элеанора Шириева хоразмлик Мубина Маринбоева билан, ўғил болалар ўртасида Тошкент вилояти вакиллари Лочинбек Абдухалилов ва Алихон Камалов Ўзбекистон чемпионлигига эришиш учун кураш олиб боришади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат чемпионатида ғолиб ва совриндорликка эришган спортчилар стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ва захира таркибидан ўрин эгаллашади.
Т.Рўзиев,
ЎзА