Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятда стол теннисини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда стол тенниси федерацияси ва спортни ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида “5 та муҳим ташаббус” доирасида турли мусобақалар ташкил этилмоқда.
Ана шундай мусобақаларнинг навбатдагиси Бухоро Тиббиёт институти қошидаги 1-сон академик лицейида бўлиб ўтди. Стол тенниси бўйича спорт устаси, кўп карра Ўзбекистон чемпиони Азиз Воҳидовнинг хотирасига бағишланган хотира турнири пойтахтимизда мунтазам ўтказилмоқда.
Ушбу анъанавий турнир бу гал Бухоро вилоятида ўтказилди. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан келган 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизлар куч синашди. Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида Олимпия ўйинлари туркумига кирувчи спорт турларини янада оммалаштириш ва терма жамоага янги истеъдодли стол теннисчиларни саралашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мусобақаларда турли ёшдаги 200 дан ортиқ ўғил-қизлар ғолиблик учун беллашди.
Қизиқарли кечган баҳсларда Бухоро шаҳар ҳамда Навоий ва Самарқанд вилояти терма жамоаси аъзолари пешқадамлик қилди.
Муросасиз ва кучли рақобат муҳитида ўтган спорт мусобақасининг якуний босқичида ғолиблар вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда спортни ривожлантириш бошқармасининг қимматбаҳо совғалари, диплом ва медаллари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА