Стол тенниси борасидаги улкан ютуқлар ҳали олдинда
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-19 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Караганда шаҳрида стол тенниси бўйича мукофот жамғармаси 30 минг доллар бўлган “Kazakhstan International Open” халқаро турнири бўлиб ўтади.
Ҳозирда стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мамлакатимиз стол тенниси федерацияси спорт базасида мазкур мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
Ушбу мусобақага кўрилаётган тайёргарлик жараёни, МДҲ ўйинларида стол теннисчиларимиз нега иштирок этмагани, Олимпия ўйинларига йўлланмалар бой берилгани, Осиё чемпионатига тайёргарлик ва мазкур спорт турини янада оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ЎзА мухбири Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудова билан суҳбатлашди.

– Аввало, “Kazakhstan International Open” халқаро турнирига тайёргарлик ва турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун ташкил этилган ўқув-машғулот йиғини ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Ҳозирда пойтахтимиздаги спорт базамизда ўсмирлар, ёшлар ва катта ёшдаги терма жамоаларимиз учун қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказяпмиз. Мазкур йиғинда асосан спортчиларнинг жисмоний ҳолатини янада яхшилаш, техник ва тактик машғулотлар билан биргаликда психологик машқлар ўтказилмоқда.
Хабарингиз бор, 15-19 сентябрь куни Караганда шаҳрида халқаро турнир бўлиб ўтади. Унда мамлакатимиз шарафини асосан ёш, умидли спортчиларимиз ҳимоя қилади. Жумладан, Абдулазиз Анорбоев, Муҳаммад Ўктамбоев, Сўғдиёна Мадалиева, Розалина Хожиева каби стол теннисчиларимиз ушбу рейтинг берувчи халқаро турнирга алоҳида тайёргарлик кўрмоқда. Уларга ўйин амалиёти яхши бўлиши учун Андижон, Бухоро, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан тажрибали теннисчилар спаринг партнёр сифатида таклиф этилди. Терма жамоамиз эртага, 14 сентябрь куни Қозоғистонга учиб кетади.
Айнан шу таркибга бир нечта тажрибали спортчиларни қўшган ҳолда 28 сентябрь – 5 октябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида ҳам иштирок этамиз.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур Осиё чемпионати катталар ўртасида ўтказилса-да, мураббийлар штаби билан биргаликда терма жамоамиз таркибига 90 фоиз ёшларни қўшдик.
– Албатта, терма жамоа сафи ёшлар билан бойигани яхши ҳолат. Биламизки, Зоҳид Кенжаев ҳозирда стол теннисчиларимиз ўртасида бой тажрибага эга спортчи. Бироқ “Токио-2020” мусобақасига йўлланма берувчи мусобақада финалга қадар етиб бориб, йўлланмани бой берди. Айтингчи, йўлланма қўлдан чиқишига нима сабаб бўлди?
– Дарҳақиқат, Зоҳид Кенжаев, Римма Гуфранова, Марҳабо Магдиева каби стол теннисчиларимиз Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун асосий давогарлар эди. Афсуски, ҳар учта спортчимиз кутилган натижани беролмади.
Зоҳид Кенжаев ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2016 йилги Олимпия ўйинларидан сўнг унга нисбатан давлатимиз томонидан катта эътибор ва имкониятлар яртилди, маблағ кетди. Бунга жавобан нафақат у, балки ҳар бир спортчи юксак натижалар қайд этиши зарур эди. Афсуски, март ойида Қатарда Осиё қитъаси учун Олимпиадага йўлланма берувчи турнирнинг финалида Зоҳид Кенжаев эронлик рақиби устидан 2:0 ҳисобида ютиб турган бир вазиятда ўйинни бой берди.
Албатта, бу катта йўқотиш бўлди, теннисчимиз рақибидан рейтинг жадвалида юқори ва тажрибаси кўпроқ эди. Мураббий сифатида унинг мағлубиятига сабаб руҳий босим, деб айта оламан. У баҳс давомида ўзини йўқотиб қўйди. Ўзбекистон стол тенниси федерациясида Миллий олимпия қўмитаси томонидан тавсия этилган руҳшунос фаолият кўрсатиб келмоқда. Бироқ Зоҳид ушбу психолог билан ишлашни истамади ва бошқа психолог билан ишлади. У йўлланма олишда айнан психологик ҳолат етмади.
Спортчимиз Олимпия ўйинларига қадар жаҳон про-турларида яхши иштирок этди, рейтинг жадвалида 114 поғонага қадар кўтарилди, халқаро ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди. У учун барча имкониятлар юқори даражада ташкиллаштирилди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда 16 ёшли Марҳабо Магдиев Олимпия йўлланмаси учун кураш олиб борди. Унга сўнгги ҳал қилувчи баҳсда бироз омад ва тажриба етишмади, шу сабабли ҳам иккинчи йўлланмани бой бердик. Шу тариқабиз учун Токио эшиклари ёпилди.
Умид қиламизки, Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги Олимпиадага қадар ёш теннисчиларимизнинг маҳоратлари янада ошади ва ҳар икки тоифада йўлланмани қўлга киритамиз.
– Қозон шаҳрида 1-МДҲ ўйинлари бўлиб ўтди. Дастлаб, мазкур муосбақага стол теннисчиларимиз ҳам бориши керак эди, бироқ кутилмаганда иштирок этмаслиги маълум бўлди. Бунинг сабаби нимада?.
– МДҲ ўйинларига ёшлар таркибимиз бориши керак эди. Афсуски, мазкур мусобақа ва Қатарда ўтадиган Осиё чемпионати бир вақтга тўғри келиб қолди. Биз албатта, Осиё чемпионатида иштирок этишни режа қилдик.

Мазкур мусобақа 1-8 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ Осиё чемпионати 28 сентябрь-5 октябрь кунига кўчирилди. Бизнинг спортчиларимиз эса МДҲга бориш учун рўйхатдан ўтишга улгурмади. Лекин албатта, МДҲ ўйинлари ҳам спортчиларимиз учун катта тажриба бўларди. Афсуски, бу мусобақа насиб этмади.
– Сўнгги йилларда стол тенниси мамлакатимиз ёшларининг энг севимли спорт турига айланди. Мазкур спорт турини янада оммалаштириш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
– Дарҳақиқат, стол тенниси бугун ёшларимиз ўртасида жадал оммалашмоқда. Уни янада оммалаштириш учун федерациямиз томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, стол теннисини янада ривожлантириш учун вилоят бўлимларида ҳам спорт базаларини яратиш зарур. Бу борада ҳозирда олий таълим муассасалари ректорлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳар бир вилоятда ўзининг базаси бўлса, спортчи кунига 3-4 маҳал шуғулланиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, селекцияни ривожлантиришимиз зарур. Вилоятларда тажрибали ёшлар кўп. Лекин уларни селекция қилиш, саралаш ва шуғуллантириш учун маблағ зарур. Ҳар бир вилоят ҳокимлари, тадбиркорлар ёрдами керак. Уларнинг молиявий ёрдами сабаб стол тенниси оммалашади, иқтидорли спортчилар янада кўпаяди.
Ҳозирда биз мактабгача таълим муассасаларида стол тенниси тўгаракларини очиш таклифини илгари суряпмиз. Хитойда ҳам шу тажриба қўлланилади. Стол теннисини ривожлантириш учун яна бир йўл – Европа мамлакатлари сингари клублар ташкил этиш керак. Агарда ҳар бир вилоят клублари ривожланса, тажрибали спортчиларга қўшилиб ёшларимизнинг маҳорати ортади.
- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.
ЎзА мухбири Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ ёзиб олди.