Стив Ламар: Ўзбекистон истиқболли бозорга айланмоқда
АҚШда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Америка кийим ва пойабзал ассоциацияси президенти Стив Ламар билан учрашди.
Тадбирда мамлакатимизда пахтани етиштириш ва қайта ишлаш жараёнига янги услуб - кластер ёндашуви жорий этилгани, пахта етиштириш, ҳосилни йиғиб олишда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани тўғрисида маълумот тақдим этилди. Шу билан бирга тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкот бекор қилинганидан кейин яратилган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Стив Ламар Ўзбекистон қисқа вақт ичида изчил ютуқларга эришиб, хорижий корхоналар ва инвестициялар учун истиқболли бозорга айланганини таъкидлади. Энди мамлакат таъминот занжирининг барча бўғинида муносиб меҳнатни таъминлайдиган адолатли харид амалиётига асосланган бизнес моделини жорий этишда етакчилик намойиш қилиши мумкин.
Ассоциация президенти сўзларига кўра, бугунги кунда АҚШ тўқимачилик саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув бўйича янги стандартларга жадал ўтмоқда. Тармоқ ҳар қандай етказиб берувчи учун меҳнат меъёари ва ижтимоий стандартга риоя қилиш бўйича жиддий талаб қўймоқда.
Учрашув якунида Ассоциация аъзолари - етакчи ритейлер ва брендларнинг Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро тўқимачилик форумидаги иштирокини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида айтши керак, Америка кийим ва пойабзал ассоциацияси 2000 йилда Америка кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари уюшмаси ва «Footwear Industries of America» компанияси бирлашиши натижасида ташкил этилган. Ассоциация миссияси АҚШ тикувчилик саноатига глобал иқтисодиёт шароитида рақобатбардош тарзда фаолият юритиши учун қулай муҳит яратишга кўмаклашишдан иборат. Кийим-кечак ва пойабзал саноатида дунёга машҳур 1000 дан ортиқ бренд, жумладан, “Versace”, "Adidas", "Ralph Lauren", “The Walt Disney Company”, "Lacoste", “Levi Strauss & Co.”, “DKNY”, “Gap, Inc.”, “Calvin Klein, Inc.”, "Forever 21", "ECCO", "The North Face", “Tommy Hilfiger USA, Inc.” ва бошқалар ассоциацияга аъзо. Ушбу компанияларнинг фақат АҚШдаги йиллик савдоси 350 миллиард доллардан ошади.
ЎзА