Статистика соҳаси глобал баҳолаш тизимидан ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигида «Ўзбекистон миллий статистика тизимини глобал баҳолаш» мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси экспертлар гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, глобал баҳолашнинг мақсади халқаро ва Европа кўрсатмалари ва тавсияларига, БМТнинг расмий статистикани асосий тамойиллари ва Европа статистикаси амалиёт кодексига мувофиқ, расмий статистикани тайёрлашда институционал, ташкилий ва техник салоҳиятни чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилишдан иборат.

Тадбирда қайд этилганидек, глобал баҳолашлар дастлаб 2008 йилда Жануби-Шарқий Европа ва Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларидаги миллий статистика тизимларини баҳолашдан бошланган. Глобал баҳолашлар нафақат миллий статистика идоралари билан боғлиқ, балки расмий статистиканинг барча асосий тайёрловчиларини, жумладан, марказий банклар, молия, меҳнат вазирликлари ва бошқаларни қамраб олади.
Шундай қилиб, глобал баҳолашлар ҳукуматлар, фойдаланувчилар ҳамда бошқа миллий ва халқаро манфаатдор томонлар учун статистика тизимлари ривожланишининг умумий ҳолати ҳақида кенг қамровли тасаввурга эга бўлиш учун ноёб имконият ҳисобланади.

Учрашув доирасида Статистика агентлигининг марказий аппарати бошқарма бошлиқлари томонидан миллий статистика тизимининг устувор вазифалари, муаммо ва имкониятлари, миллий статистика тизимининг ҳуқуқий базаси, касбий мустақиллигини ҳимоя қилиш тўғрисида, статистика ишлари дастурини амалга ошириш учун кадрлар ва бюджет маблағлари ҳамда ахборот тарқатиш, алоқа ва фойдаланувчилар билан ишлаш мавзусида тақдимот қилинди.
Бундан ташқари, Глобал баҳолаш доирасида расмий статистиканинг бошқа ишлаб чиқарувчилари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт ва молия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Олий таълим, фан ва инновациялар, Қишлоқ хўжалиги, Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирликлар қамраб олинди ҳамда баҳолашдан ўтказилди.

Учрашувда Рақамли технологиялар ва интерактив хизматларни ривожлантириш ҳамда Ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан ахборот технологиялари инфратузилмаси ва дастурий воситалари, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатишдаги роли ҳақида тақдимот қилинди.
Статистика агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, олийгоҳлар вакиллари ва бошқа фаоллар билан учрашилиб, Агентлик билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ўрганилди.
Учрашув якунида экспертлар ҳамда ОАВ вакилларининг ҳам учрашуви ташкил этилди. Унда Статистика агентлиги ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот қилди. Шунингдек, журналистлар томонидан ўзаро ҳамкорлик борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур ўтказиладиган Глобал баҳолаш натижалари бўйича олинадиган тавсиялар Ўзбекистон миллий статистика тизимини ривожлантиришнинг 2026-2030 йиллар учун мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланилади. Учрашувлар якунида хорижлик экспертларга агентликда яратилган шарт-шароитлар, музей, спорт зали ва иш хоналари кўрсатилди. БМТ Европа иқтисодий комиссияси экспертлар гуруҳи «Ўзбекистон миллий статистика тизимини глобал баҳолаш» дастури бўйича ўзларининг дастлабки хулосаларини тайёрлаб, агентлик мутахассисларига тақдим этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА