Стартап – инновацион ғояга асосланган, янги ечим ёки хизмат таклиф қилувчи ва тез ўсишга қаратилган кичик бизнес шакли. У янги технология, онлайн платформа, мобил иловалар ёки ижтимоий муаммоларни ҳал қилувчи ғоялардан бошланади.
Стартап лойиҳалар ёшларга ижодкорлик имконини беради. Мустақил фикрлашни ва тадбиркорликни рағбатлантиради. Ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳаларига жалб этади.
Шу боис юртимизда стартап лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси таъминланиши бўйича рақамли технологиялар вазирлигига бир қанча вазифалар юкланган.
Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров ҳамда Visa компаниясининг катта вице-президенти Годфрей Салливан ўртасида учрашув ўтказилди.

Компаниянинг Ўзбекистон олий таълим муассасаларидаги стартаплар ва инкубация лабораториялари фаолиятини такомиллаштириш борасида вазирлик билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин бўлган қўллаб-қувватлаш дастурлари ва тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Годфрей Салливан Ўзбекистонни компания учун муҳим стратегик ҳамкор сифатида эътироф этди. У Visa хизматларининг мамлакатда тўлақонли ва барқарор ишлаши компания учун устувор аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Хусусан, Visa рақамли хизматлар соҳасида дунё миқёсида ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажрибага эга эканини маълум қилди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор стратегик таклифлар илгари сурилди. Жумладан, молиявий технологиялар йўналишидаги истиқболли маҳаллий стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган республика акселерация дастурини жорий этиш, аҳолининг рақамли ва молиявий саводхонлигини ошириш, молиявий фирибгарликка қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, давлат электрон хизматларига Visa карталари орқали тўловларда имтиёзлар жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА