Жаҳон матбуотида америкалик машҳур тадбиркор Илон Маскнинг “Starlink” компанияси навбатдаги сунъий йўлдошларини коинотга чиқарди, деган хабарларни тез-тез ўқиймиз. Эҳтимол бу борадаги ҳар қандай янгиликдан хабардор эмасдирмиз, лекин аниқ маълумотларга кўра, Маск ўзининг “SpaceX” космик кемаси орқали шундай сунъий йўлдошларнинг 4 мингтасини аллақачон коинотга олиб чиққан. Яна 40 минг сунъий йўлдош коинот узра саёҳатга жўнатилишини кутиб турибди.
Сунъий йўлдош учиришдан мақсад дунёни тез ва ишончли интернет алоқаси билан таъминлаш экани айтиб келинади. Компания мижозларга уланиш учун қулай терминал ва турли тарифлар таклиф этмоқда. Шунга қарамай, лойиҳа билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳали ҳал қилинмаган. Масалан, сунъий йўлдошнинг бошқа объект билан тўқнашиб кетиш хавфидан тортиб, астрономик кузатувга салбий таъсир этиши мумкинлигигача.
Илон режасига кўра, “Starlink” сунъий йўлдошлари, ҳатто, заминимизнинг энг узоқ ва овлоқ жойини ҳам, яъни, бутун Ер юзини юқори тезликдаги интернет билан қамраб олиши керак. Сунъий йўлдош интернетининг асосий афзаллиги шундаки, сунъий йўлдош сигналини қабул қилувчи аппарат мавжуд бўлган жойда симли ёки симсиз уланиш маҳаллий тармоққа боғлиқ эмас. Ахир, бундай хизмат тахминан 35 000 километр баландликда айланиб юрадиган индивидуал геостационар сунъий йўлдош томонидан тақдим этилади-да.
Минглаб “Starlink” йўлдошидан иборат юлдузлар туркуми Ерга анча яқин, тахминан 550 километрлик орбитада айланади ва бутун ер шарини қамраб олади. Ҳар бир сунъий йўлдош паст орбитада бўлгани сабабли, маълумот узатилиши кечикиши камроқ содир бўлади.
“Starlink” “ўлик зона"да ҳам мобил алоқани таъминлай олади.
Тарихга бир назар
Илон Маск коинотда 700 сунъий йўлдошдан иборат юлдузлар туркумини жойлаштириш ғоясини 2014 йил муҳокама қилган бўлса-да, “Starlink” биринчи марта 2015 йил расман эълон қилинган. “SpaceX” 4 мингга яқин йўлдошни паст Ер орбитасига жойлаштириш учун халқаро мувофиқлаштирувчиларга ҳужжат топширди.
Компания “TinTin-A” ва “TinTin-B” лойиҳасининг дастлабки икки синов кемасини 2018 йил февраль ойида ишга туширди. 2019 йил 23 май куни “SpaceX Falcon- 9” ракетасида илк 60 та “Starlink” сунъий йўлдоши орбитага олиб чиқилди. Ҳозир йўлдошлар 550 километр баландликда муваффақиятли кезиб юрибди.
Ўшанда Маск 400 та қурилма учирилиши интернетга кенг йўлакли уланишни бошлаш имконини беришини айтган эди. 2020 йил охиригача “SpaceX Falcon” ракетаси ёрдамида Ер орбитасига 900 дан ортиқ йўлдош юборилган. Шу билан бирга “Starlink” интернет хизматининг бета-версияси ҳам мавжуд. Бета-тестерлар 150 Мбит/с тезликни кўрсатди, бу умумий бета-тест учун эълон қилинган диапазондан юқори эди.
“Starlink”дан тижорат мақсадида фойдаланиш 2021 йил бошланган. Бошида “Starlink” АҚШ, Канада ва Буюк Британияда хизматнинг бета-синовига кириш учун 10 мингга яқин фойдаланувчига эга эди. 2022 йил охирига келиб, “SpaceX” сунъий йўлдошлари томонидан тақдим этилган фаол интернет обуначилари сони 1 миллион кишига етди. 2023 йил ҳолатига кўра, компания 4 минг 300 дан зиёд аппаратини коинотга жўнатди. Шунга қарамай, олдинда иш кўплиги айтилмоқда. Жамоа 12 минг йўлдошни коинотга жойлаштириш учун АҚШ Алоқа комиссиясидан рухсат олган. Бу ҳали бошланиши, тадбиркор яна 30 минг сунъий йўлдошни фазога олиб чиқиш учун ариза топширган.
“SpaceX” ҳали янги-янги сунъий йўлдошлар учириши керак, чунки қурилма кам бўлса, кўп одам улана олмаслиги табиий, тезлик пасайиб кетади. Масалан, 2022 йил АҚШда ўртача юклаб олиш тезлиги аллақачон пасайган.
Мутахассислар таъкидлашича, “SpaceX” лойиҳасини компания глобал таъсирга эришиш йўлидаги ҳаракатлардан бири сифатида ҳам кўриш мумкин. Зеро, “Starlink”ни нафақат юқори тезликдаги интернет учун, балки геодезия, метеорология, картография соҳаларида қўлласа бўлади. Қолаверса, “Starlink” алоқа воситасидан ҳарбий мақсадда фойдаланиш истиқболи ҳам аллақачон кўриб чиқилмоқда. Юқорида “Starlink” интернет қамрови Ер юзининг барча қисмини қамраб олади, дейилди. Бинобарин, сунъий йўлдош қамрови харитаси ҳозирча Россия, Хитой, Шимолий Корея, Эрон каби баъзи давлатларни четлаб ўтади.
“Starlink”га уланиш учун фойдаланувчида терминали диаметри тахминан 54 см ва оғирлиги 5 килограмм кичик оқ пластинка бўлиши керак. Бино томига ўрнатиш учун мўлжалланган бу мослама сунъий йўлдошдан маълумотни қабул қилиш ва узатиш вазифасини бажаради. Тўплам Интернетга уланиш учун керак бўлган ҳамма нарса, жумладан Wi-Fi- роутер, қувват манбаи, кабел ва таянчдан иборат.
Терминални ўрнатиш осон ва ҳар қандай об-ҳавода сунъий йўлдош сигналини ушлайди. Антенна осмонга қаратилади. “Starlink” сунъий йўлдоши тепадан ўтиб кетганда, антенна билан алоқа қилади ва Интернетга кириш учун фойдаланувчи роутерига сигнал узатади. Антенна тез ҳаракатланаётган бўлса ҳам сунъий йўлдошни кузатиш ва алоқада бўлиш учун босқичли массив технологиясидан фойдаланади. Айтганча, осмон бўйлаб учаётган “Starlink” қурилмаси чироқ "поезди"га ўхшайди.
Терминал об-ҳавони автоматик равишда кузатиб боради ва атмосферадаги ҳар қандай ўзгаришни ҳисобга олган ҳолда алоқа фаолиятини оптималлаштиради.
Дизайн қулайлиги ва ўрнатиш осонлиги туфайли фойдаланувчи тизимни уйида ўтириб ўрнатиши мумкин.
Рақиблар мудраб ўтиргани йўқ
Албатта, “Starlink” олиб бораётган фаолият кўлами кенг, лекин алоқа бозорида монопол устунликка эга бўлолмаса керак. Зеро, ҳар қандай истиқболли бизнесга шу заҳоти рақобатчи ҳозир-у нозир.
“Starlink”нинг асосий рақобатчилари ҳақида гап кетганда, мутахассислар биринчи бўлиб “Iridium” компаниясини тилга оладилар. Мазкур Америка компанияси 75 сунъий йўлдошдан иборат “Iridium” сунъий йўлдошлари туркумини бошқаради. Шулардан 66 таси фаол, тўққизтаси орбитада захира сифатида ишлайди. “Iridium” йўлдоши ёрдамида портатив сунъий йўлдош телефони, сунъий йўлдош алоқа қурилмаси ва ўрнатилган қабул қилувчи қурилмадан бутун дунё бўйлаб овозли ва маълумотли хабарлар юбориш мумкин.
Хитойнинг “GalaxySpace”компанияси ҳам Илонга кучли рақобатчи бўлиши мумкин. Пекинда жойлашган ушбу компания 2016 йил кенг йўлакли уланиш сунъий йўлдошлари хусусий туркумини яратиш мақсадида ташкил этилган. Сунъий йўлдош туркуми истеъмолчиларга 500 Мбит/с юклаб олиш тезлиги билан 5Г уланишини таъминлаши керак. 2022 йил март ойида компания олтита синов-йўлдошни учирди ва ер терминалига кенг йўлакли уланишни таъминлаш имкониятини намойиш этди. Келажакда Хитой “SpaceX” билан тўғридан-тўғри рақобатлашиш, сунъий йўлдош юлдуз туркумларини бошқариш учун паст Ер орбитасига 13 мингта сунъий йўлдош юборишга тайёрланмоқда.
2019 йил “Amazon”компанияси ҳам интернет оламида ўз ўрнини эгаллаш, яъни “Starlink”ка рақобатчи бўлиш мақсадида “Project Kuiper” лойиҳасини яратди. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ернинг паст орбитасига минглаб сунъий йўлдош жойлаштириш, бориш қийин бўлган жойларни интернет билан таъминлаш. Дастлаб, “Project Kuiper” юлдуз туркуми 3236 сунъий йўлдошдан иборат бўлади. Лойиҳани ишга тушириш 2024 йил бошига режалаштирилган.
Компаниянинг стандарт мижоз терминали “Starlink”дан арзонроқ бўлиши кутиляпти. “Амазон”нинг энг катта ва энг кучли корпоратив антеннаси 48 см дан 76 см гача ўлчамли ва 1 Гбит/с гача тезликни таъминлайди. Бу тахминан 30 сония ичида тўлиқ метражли фильмни юқори сифатда юклаб олиш учун етарли.
Яна бир рақобатчи “Telesat” сунъий йўлдош алоқа компанияси бўлиб, 1969 йил Канадада ташкил этилган ва 1972 йил биринчи сунъий йўлдошини учирган. 2016 йил “Telesat” 1000 километр баландликда, паст Ер орбитасида 120 та сунъий йўлдошдан иборат “Lightspeed” туркумини яратишини эълон қилди. 2020 йил бу режани 1 минг 600 га кўтарди. “Lightspeed” сунъий йўлдошини тўлиқ жойлаштириш 2026 йил, дастлаб режалаштирилганидан олти йил кейин амалга оширилиши мумкин, чунки лойиҳани молиялаштириш бўйича музокара ҳали давом этяпти.
Кўриниб турибдики, тубсиз коинот инсониятга чексиз имконият тақдим этмоқда. Шу боис юқорида номи келтирилган саноқли компаниялардан ташқари, ҳали яна янги-янги иштирокчилар пайдо бўлиши турган гап. Демак, келгусида Ер орбитасига минг-минглаб сунъий йўлдош учирилади. Бу инсониятни хавотирга ҳам солади. Хўш, орбитадаги сунъий йўлдош қандай хавф туғдириши мумкин?
Кўп объектлар бир хил орбитада бўлса, табиийки, масалан, космик чиқиндилар билан тўқнашиш эҳтимоли юқори. Ишдан чиққан аппарат қолдиғи бошқа сунъий йўлдош ёки космик станцияга таҳдид солиши, шунингдек, Ерга қулаши мумкин. 2022 йил NASA “Starlink” сунъий йўлдошлари сони ортиши билан тўқнашув эҳтимоли ҳам кўпайишидан хавотир билдирган эди. “SpаcеХ” эса ўз сунъий йўлдошини ҳар беш йилда бир марта янгилаш ва космик қолдиқдан қочиш учун атмосферада ёқиш орқали эски қурилмаларини йўқ қилишни режалаштирмоқда. Афсуски, бу усул ҳам бутунлай хавфсиз эмас, чунки айни ҳолатда атмосферанинг кимёвий таркиби ўзгариши мумкин. Қолаверса, мутахассислар таъкидлашича, сунъий йўлдош туркумлари илмий тадқиқотга ҳам зарар етказиши мумкин. Зеро, “Starlink” сунъий йўлдошлари жуда ёрқин. Аппаратлардан чиқадиган ёруғлик телескоп томонидан акс эттирилади, бу фазодаги узоқ объектларни аниқлашга халақит бериши мумкин.
Хуллас, ҳаммасини вақт кўрсатади, чунки илм-фан бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Бунинг ҳам чораси топилар...
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА