“Starlink” ва “Microsoft” интернет хизматларини кенгайтирмоқчи
Ушбу икки йирик технологик компания инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган ҳудудларда интернет хизматларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди, деб хабар бермоқда “CNBC” нашри.
Таъкидланишича, қўшма лойиҳа доирасида “Starlink”нинг сунъий йўлдош интернет тармоғи “Microsoft”нинг булутли платформалари билан интеграция қилинади. Бу эса олис ва алоқа имкониятлари чекланган минтақаларда ҳам барқарор интернет хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Экспертлар фикрича, сунъий йўлдош интернети ва булут технологияларининг уйғунлашуви рақамли трансформация жараёнларини тезлаштиради ҳамда стратегик аҳамиятга эга соҳаларда самарадорликни оширади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА