Жорий йилнинг 3 май куни Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасида пойтахтимиздаги барча маҳаллаларда навбатдаги саводхонлик дарсларини ўтказди.
Мамлакатимизда 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури асосида кутубхоналар фаолияти янги босқичга кўтарилди. Ушбу йўналишда тижорат банклари, жумладан, Ўзсаноатқурилишбанк ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўтган йили банк томонидан пойтахтимиздаги 15 та маҳаллада замонавий кутубхоналар ташкил этилди. Уларда миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий, илмий ҳамда тарихий асарлар жамланган китоб фонди яратилди.

Жорий йилдан бошлаб Марказий банк “Умумжаҳон пул ҳафталиги-2025” (“Global Money Week”) доирасида мазкур кутубхоналар орқали янги молиявий таълим дастурини илгари сурди.
Унга кўра, эндиликда ҳар бир кутубхонада ҳар ой ёшларда шахсий молияга оид билим ва кўникмаларни тўғри шакллантиришга қаратилган молиявий саводхонлик машғулотлари ўтказиб борилади.
3 май кун бўлиб ўтган дарсларда шахсий молиявий ҳисоботларни юритиш, хусусан даромад ва харажатларни бошқариш, пулни тежаш ва инвестиция қилишнинг асослари ҳақида назарий билимлар ҳамда амалий кейслар улашилди.
– Интернет ва бошқа коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган даврда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, бунинг учун қулай шароитлар яратиш ҳамда турли таълим дастурларини тадбиқ этиш ҳаётий муҳим зарурат, – дейди Чилонзор туманидаги “Бeшқўрғон” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Ҳасан Юлдашев. – Марказий банк ташаббуси билан Ўзсаноатқурилишбанк кўмагида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар ёш авлодни турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтиришга катта ҳисса қўшади.

Маълумки, “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасидаги илк машғулотлар шу йилнинг 5 апрель куни ташкил этилган эди. Уларда жамғарма тузиш, бюджет режалаштириш ва молиявий мақсадларга эришиш каби долзарб мавзулар ёритилган эди.
Таъкидлаш жоиз, бу каби лойиҳалар орқали банк ёш авлоднинг молиявий таълимини янада чуқурлаштириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилмоқда.
#SQB
#UzFinLit
# GlobalMoneyWeek
#MoliyaviySavodxonlik
#YangiRuhiyat
#IjtimoiyFaol
Банк ахборот хизмати