“Справкабозлик”дан қачон воз кечамиз?
Яқинда Зулфиячи қизлар тўплаши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати қўлимга тушиб қолди.
3 саҳифали 15 банддан иборат “справка”лар рўйхати шунчалар узинки, уларни тўплаётганларга сабр тиладим.
Номзоднинг шахсий маълумотларини тушуниш мумкин (аслида уларни ҳам қисқартириш керак). Аммо, менимча, ортиқчалари кўп. Айримларини санаб ўтай.
Номзод ўқиётган ёки ишлаётган муассаса, Ёшлар иттифоқи, маҳалла раисининг тавсия ва тавсифномаси, адиб, шоир, журналист, маданият ходими, олимлар, спорт мураббийлари... дан фикрнома, тақризнома...
Номзод ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар, ота-онасининг паспорти нусхаси, яшаш ва иш жойидан маълумотнома...
Ушбу ҳужжатлар рангли баланкада имзоланган, муҳрланган, рақамланган, тасдиқланган бўлиши шарт. Айримлари нотариус томонидан муҳрланган, “Аслига тўғри”лиги тасдиқланган бўлиши лозим.
Шунга ўхшаш бир талай ҳужжатлар борки, улар мукофот олишга бир тийинлик фойдаси йўқ, менимча. Ёки ташкилотчилар номзоднинг иқтидорига эмас, у тўплаган ҳужжатларга қараб баҳо берадими?
Орамизда шундай ота-оналар бор, қизи иқтидорли бўлмаса ҳам халқ шоири, рассоми, артисти, олиму машҳур спортчилардан энг зўр ёзилган Тавсия ва Тавсифнома, Фикр ва Тақризномаларни олиши мумкин. Бироқ фарзанди иқтидорли бўлса-да, оддий маҳалладан ҳам справка ололмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Фақат мақтовбозликдан иборат бўлган бу ҳужжатлар аслида ҳеч нарсани белгиламайди.
Бу ҳужжатларни тўла тўплай олмай, танловдан қолиб кетган иқтидорлилар қанча? Ёки ҳужжатларидан камчилик топиб, қизларни ноумид қайтараётган ташкилотчилар йўқ дейсизми?
Яқинда педагогика университетида ёшлар етакчиси ва Зулфиячи талаба қиз билан боғлиқ воқеанинг юз беришига ҳам айнан “справкабозлик” сабаб бўлмадимикан?
Хуллас, гапирсак гап кўп. Ташкилотчилар ортиқча қоғозбозликдан воз кечиши лозим. Чунки бугун ҳаётимизни рақамлаштириб, инсон аралашувини йўқотишга жиддий киришдик.
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, депутат