Спортимиз фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
Наврўзи олам меҳр-оқибат ва бунёдкорлик рамзи сифатида халқимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўринга эга.
Бу мунаввар айём мамлакатимизда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун», деган олижаноб ғоя теграсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, унинг фалсафасида инсонни эъзозлаш, табиатни асраб-авайлаш тамойиллари мужассам.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик устувор вазифалар сирасига киради.

Куни кеча Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва тегишли ташкилотлар томонидан Наврўз шодиёналари остонасида бир гуруҳ спортимиз фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон спорти ривожи йўлида меҳнат қилган, умрини бағишлаган фидойиларга Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва ҳомийларнинг совғалари топширилди.
Ўз навбатида, фахрийларимиз бундай ғамхўрликдан миннатдор эканликларини билдиришди.
Т.Рўзиев,
ЎзА