Бугунги кунда спорт фақат жисмоний ривожланиш эмас, балки ёш авлодни тарбиялаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун муҳим майдонга айланди. Шу боис спорт соҳасида коррупцияга қарши қатъий ва тизимли курашиш давлат ва жамоатчилик учун устувор вазифа ҳисобланади.
Шу мақсадда Сирдарё вилоят спорт бошқармасида спорт тизимида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва холисликни таъминлашга қаратилган кенгайтирилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпиада қўмитасининг вилоят ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов, Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, ихтисослаштирилган спорт таълим муассасалари ва спорт мактаблари раҳбарлари, Янгиер шаҳрида жойлашган Сирдарё футбол академияси, шунингдек, Гулистон олимпиада ва паралимпияда спорт турларига тайёрлаш маркази раҳбарлари иштирок этишди.

Мазкур йиғилишда спорт соҳасида коррупсиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, бошқарув жараёнларида шаффофликни кучайтириш, қабул қилинаётган қарорлар холислигини таъминлаш ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини самарали жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов спорт тизимида ҳалоллик ва очиқликни таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади.

– Спорт адолат, интизом ва ҳалол рақобатга асосланган соҳа. Агар унда шаффофликка путур етса, энг аввало ёшларимиз ишончига зиён етади, – деди у. – Шу боис ҳар бир раҳбар, мураббий ва масъул ходим коррупцияга мутлақо муросасиз муносабатда бўлиши шарт. Бугунги муҳокама йиғилиши орқали биз тизимда мавжуд хавф-хатарларни очиқ тан олиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ механизмларни белгилаб олдик. Спортчиларни саралаш, мусобақаларни ташкил этиш, молиявий маблағлардан фойдаланиш ва кадрлар билан ишлаш каби муҳим йўналишларда очиқликни таъминлаш доимий назоратда бўлади. Бу борада комплаенс-назорат тизими имкониятларидан самарали фойдаланиш ва профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, йиғилишда мутахассислар томонидан соҳада учраши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар, уларнинг олдини олиш усуллари ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий масъулияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири