Жорий йил давомида мамлакатимиз спортчилари Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ўтаётган мавсум давомида қўлга киритилган ютуқлар замирида спорт тизимининг кўплаб йўналишларидаги тинимсиз меҳнат, ўз касбига содиқлик ва ҳалоллик яширингани барчамизга маълум.
Аммо ушбу мусобақаларда юрт шарафини ҳамма ҳам ҳалол йўл билан ҳимоя қилишни баъзан истамайди ва допингни қабул қилади. Бироқ бундай йўлни ўз вақтида аниқлаш спортчиларни саломатликларини асраш ҳамда ҳалолликни ўргатиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилги спорт мавсуми давомида спортчиларни допингдан сақлаш, соҳадаги олиб бораётган ислоҳотлар ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов билан суҳбатлашди.
– Жорий йилги спорт мавсуми якунланди десак ҳам бўлади. Ушбу мавсумда “UZNADA” томонидан қандай ишлар амалга оширилди?
– Жорий йилда коронавирус пандемиясига боғлиқ чекловчи тартиби жорий этилганига қарамай, спортчиларимиз турли ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақаларда фаол иштирок этди. Шу сабабли Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам допингга қарши кураш соҳасида тарғибот ишларини давом эттирди. Тарғибот-ташвиқот ишлари асосан юзма-юз ва онлайн семинарлар, вебинарлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар шаклида 15 та олимпия захиралари мактаб-интернатлари, 24 устувор ва истиқболли спорт турлари бўйича федерациялар, 66 бошқа спорт федерациялар ва уюшмалар, спорт мактаблари ва олий спорт маҳорати мактаблари спортчи-талабалари, йўриқчи-услубчилари, мураббийлари, тиббиёт ва бошқа масъул ходимлари учун жами 368 та тадбир ўтказилди. Шунингдек, булар ичида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг Таэквондо факультети талаба ва профессор-ўқитувчилари ҳам ўрин олган. Агентлигимиз фаолиятининг иккинчи йирик йўналиши бу — спортчилардан допинг-синамаларни олиш ва уларни таҳлил қилиш учун хорижий антидопинг лабораторияларига юборишдан иборат. 2021 йил давомида жами 855 допинг синама олинган бўлиб, улардан 538 таси ўқув-машғулот йиғинлари давомида, қолган 317 таси эса турли мусобақалар давомида миллий ҳамда халқаро федерациялар, Халқаро олимпия ва Паралимпия қўмиталари ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги буюртмалари асосида йиғилган.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, халқаро спорт ташкилотлари ва йирик мусобақалар ташкилотчиларининг Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассисларининг касб маҳоратига нисбатан ишончи йилдан йилга ошиб бормоқда. бунинг натижасида Ўзбекистон ҳудудида ўтказилаётган Осиё ва жаҳон чемпионатлари ва кубоклари давомида допинг-назоратини ўрнатиш ва спортчилардан допинг синамаларини олиш ишлари айнан бизнинг Агентлигимизга ишониб топширилмоқда.
Катта ютуқларимиздан бири — 2021 йил ноябр ойида мамлакатимиз антидопинг ҳаракати тарихида биринчи марта спортчилардан қон допинг синамалари олиниб, Анқара антидопинг лабораториясига таҳлил учун муваффақиятли юборилди. Бу воқеа Агентлигимиз фаолиятида янги саҳифа очди десак муболаға бўлмайди, чунки бугун жаҳонда мавжуд 199 та миллий антидопинг агентликларининг атиги 65 таси қон допинг синамаларини олиш учун етарли шароити ва малакали мутахассислари мавжуд бўлиб, бу сафга Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам қўшилди. Эндиликда Ўзбекистонда допинг-назоратининг тўлиқ цикли амалга оширилиши ва исталган допинг-синамалари олиниши мумкин бўлади.
– 2021 йилги халқаро мусобақаларда спортчиларимиз томонидан қанча допинг тестлар олинди ва нечта спортчида допинг аниқланди?
– Йил давомида халқаро мусобақаларда, шу жумладан, “Токио-2020” Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилардан 227 дан ортиқ допинг синамалар олинган. Улардан 4 та допинг синамада тақиқланган допинг моддалари аниқланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда мусобақалар давомида спортчиларимиздан олинган допинг синамаларнинг 9 тасида тақиқланган моддалар аниқланди. Допинг истеъмол қилиш ҳолатлари асосан дзюдо, оғир ва енгил атлетика, аёллар кураши, самбо, баскетбол, сув палоси, муай-тай ва пауэрлифтинг спорт турларида аниқланди.
– Допинг қоидаларини бузган спортчига қандай чоралар кўрилди?
– Бутунжаҳон антидопинг кодекси ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларида аниқланган ҳар бир антидопинг қоидабузарлик учун унинг оғирлиги, ижтимоий аҳамияти, спортчининг саломатлигига нисбатан зиёни, қайтарилиши ва допинг истеъмоли билан боғлиқ ҳаракатларда спортчидан ташқари бошқа шахсларнинг иштироки тасдиқланганлигига кўра турли жазо чоралари кўзда тутилган. Жорий йил давомида допинг моддалари билан қўлга тушган спортчиларга нисбатан 3 йилдан 4 йилгача дисквалификация жазоси, яъни шу муддатга спорт фаолиятидан четлаштириш жазоси тайинланди. Бу дегани, спортчи мазкур муддат ичида биронта расмий миллий ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этолмаслиги, якка тарзда ёки жамоа таркибида ўқув-машғулот йиғинларига боролмаслигини англатади.
– Допинг рўйхатига нечта янги моддалар киритилди?
Маълумки, ҳар йили 1 январь куни ҳолатига кўра, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг "Спортда тақиқланган моддалар ва услублар рўйхати" янгиланиб, унга тақиқланган қўшимча моддалар ва услублар ҳамда бошқа қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилади. "Тақиқланган рўйхат"нинг навбатдаги 2022 йилги таҳририда ҳам маълум ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган. Гарчи Рўйхат расман кучга кирмаган бўлсада, биз ҳозирдан ушбу ўзгартиришлар тўғрисида спорт федерацияларни хабардор этдик. Хусусан, Агентликнинг www.uznada.uz расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқларидаги каналлар орқали тегишли маълумотлар жойлаштирилди. 2022 йилги "Тақиқланган рўйхатга" киритилган муҳим ўзгартириш бу — барча анаболик гормонларни ягона гуруҳга киритилишидир. Аввал бу гормонлар ички ҳамда ташқи анаболиклар гуруҳларига ажратиларди. Эндиликда ушбу анаболиклар организмда нима сабабдан пайдо бўлганидан қатъий назар уларнинг миқдорида белгиланган миқдоридан ошган тақдирда допинг деб ҳисобланади.
Ҳа, мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида допинг муаммоси ҳам камаймоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги янада кўплаб изланишлар олиб бормоқда. Умид қиламизки, келгуси мавсум ҳам мазкур соҳада янада юксак ислоҳотлар олиб борилади. Бунинг самараси эса спортчиларимизнинг ҳалол йўл билан қўлга киритган натижаларида кўришимиз мумкин.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА мухбири суҳбатлашди.