Спорт йўналишида ёшларимиз қандай ютуқларга эришди?
Бугун ёшлар куни. Шу кун муносабати билан ҳар йили юртимизда турли анжуманлар, кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтади.
Истироҳат боғлари, маданият масканлари ёшлар билан гавжум бўлади. Бугун ёшларнинг ўқиб изланишлари, юрти ва оиласига манфаати тегадиган инсон бўлиши учун юртимизда барча имкониятлар етарли.
Хўш, бугунги кун ёшлари кимлар? Улар нималар билан банд? Қандай ютуқларни қўлга киритишяпти?
Ушбу саволларга лаббай деб жавоб берадиган ёшлар орамизда кўп. Илм-фан, тадбиркорлик, иқтисодиёт, сиёсат, спорт дейсизми, улкан ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Биргина спорт йўналишини олайлик.
Хўш, жорий йилда спорт йўналишида ёшларимиз қандай ютуқларга эришди?

Жорий йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фарғоналик боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев олтин медални қўлга киритди ва 200 минг доллар пул мукофоти эгасига ҳам айланди.
18 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги U-20 Осиё кубоги финал учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлди.
Грузиянинг Батуми шаҳрида 6-8 июнь кунлари шахмат бўйича бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида рапид йўналишида 10 имкониятдан 9 очко тўплаган Умида Омонова жаҳон чемпионига айланди.

Ютуқлар рўйхатини яна давом эттирадиган бўлсак, январь ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида кураш бўйича қитъа чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳамюртимиз Муҳсин Ҳисомиддинов олтин медални қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлди.
Бугун ушбу чемпионларнинг ортидан минглаб ёшлар эргашяпти.
Улардек юрт байроғини юксакларга кўтаришга интилишяпти. Демак, бугунги интилувчан, изланувчан ёшлар мамлакатнинг порлоқ келажагини яратувчилардир.
Н.Раҳмонова, ЎзА