Ватанимиз тарихидаги 2 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1862 йил (бундан 163 йил олдин) – Хива хонлари сулоласига мансуб ижодкорлардан бири, Комёб тахаллуси билан ижод қилган шоир ва тарихчи Саййид Ҳомид тўра таваллуд топди (вафоти 1922 йил). У отадан ёш етим қолиб, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II Ферўз тарбиясида ўсган. Комёб замонасининг таниқли шоири даражасига кўтарилган. Унинг икки қисмдан иборат шеърий девони бизгача етиб келган. Комёбнинг “Тарих ул-ҳавонин” (“Хонлар тарихи”), “Мунтахаб ул-вақое” (“Воқеалар тўплами”) насрий ҳамда “Хоразм мамоликинда фалак ҳодисасидин воқеа ажойиби зуҳур марҳаласиға келгонининг зикри” номли эсдалик асари ҳам бор. “Таворих ул-ҳавонин”да ёзилишича, Сайид Ҳомид тўра хон фарзанди бўлишига қарамай, ўзига берилган ўн беш таноб ерида деҳқончилик қилиш билан кун кечирган.
1897 йил (бундан 128 йил олдин) – математик олим, педагог, жамоат арбоби, академик Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий таваллуд топди (вафоти 1970 йил). У 1931–1933 йилларда Ўрта Осиё университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ректори сифатида фаолият олиб борган. Бир қанча раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий 1943–1947 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти бўлган. У Элементар ва олий математика бўйича ўзбек тилидаги биринчи дарсликлар муаллифи. 2002 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1920 йил (будан 105 йил олдин) – Бухорога бостириб келган қизил қўшинлар эрталаб амир пойтахти ҳимоячиларининг сўнгги таянчи – Арк кўрғонини эгаллади. Шунда ёғочли курилишларнинг хаммасини йўк қилган катта ёнғин бошланиб, ертўлада сақланаётган милтиқ дори – порох портлаб кетишига сал қолди. Бухорода амирлик тузуми ағдариб ташланди. Қадимий Бухоро ўт ва ҳаробалар ичида қолди. Бухороликлар бу кунларни “кичик қиёмат” деб аташган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шукрулло таваллуд топди. У лирик шеърларида севги ва вафо, меҳр ва оқибат сингари инсоний қадриятларни улуғлаб, китобхонда ялқовлик, лоқайдлик, калондимоғлик, ҳасадгўйлик, ғаразгўйлик каби иллатларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотишга интилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган. Шукрулло 1994 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати бўлган, шу йили “Дўстлик” ва 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро молия ташкилотларига кириши бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – ўқув юртлари тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари ва бўлинмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академияси ташкил этилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида Биринчи Марказий Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда дорбоз Тоҳир Тошкенбоев катнашиб, спорт тарихида биринчи марта олимпия машъалини дор устидан олиб ўтди. Дорбознинг бу жасоратига юксак баҳо бериб, Халқаро Олимпия Қўмитаси Президенти Хуан Антонио Самаранч Тоҳир Тошкенбоевга ўзининг махсус совғаси ва Фахрий Ёрлиғини топширди.
2016 йил(бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов оғир хасталик туфайли вафот этди. 2017 йилдан буён 2 сентябрь Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси куни сифатида ўтказилади.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Самарқандда Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик саноатини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ибратли оила» кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларга бериладиган “Ибратли оила” кўкрак нишони 15 май – Халқаро оилалар кунида топширилади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА