Муносабат
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада юксалтириш, аҳолининг барча қатламлари орасида спортнинг оммавийлигини ошириш, спорт таълимини такомиллаштириш асносида соғлом турмуш тарзи асосларини кенг кўламда тарғиб этиш, янгиланаётган Ўзбекистонда устувор аҳамият касб этмоқда.
Сабаби – учинчи Уйғониш-Ренессанс даврининг тамал тошини соғлом, жисмонан ва маънан баркамол, ўз ҳаётий қарашлари ва мустаҳкам эътиқодига эга бўлган, янгича ислоҳотларга креатив ёндaша оладиган ёшлар қўя олади. Малакали спорт кадрларини замонавий ёндaшувлардан келиб чиқиб янгича шароитларда тайёрлаш, янги авлод спортчилари ва мураббийларини етиштириш орқали жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ютуқларимизни янада ошириш, спорт таълимидаги ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот жараёнларини дунё тан олаётган халқаро мезонлар асосида ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида ўз тасдиғини топди.
Қарорга мувофиқ Спорт вазирлиги ҳузуридаги Олий спорт маҳорати институти негизида – юридик шахс мақоми ва молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб спорт академияси фаолиятини бошлайди. Мазкур қарор асосида Академия зиммасига спорт соҳасида натижалари юқори бўлган давлатларнинг етакчи олий спорт таълими ташкилотлари тажрибаси асосида замонавий кадрларни тайёрлаш, кадрларни тайёрлаш жараёнига хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил қилиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, илмий асосланган методикаларни яратиш, спорт соҳасида комплекс илмий тадқиқотлар, экспериментлар ҳамда лаборатор синовлар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий ўқитиш механизмларини жорий этиш белгиланган. Республикада спорт соҳасида замонавий назария ва амалиёт тизимини жорий қилиш усуллари ҳамда хусусиятларини ўрганиш орқали юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаб бориш, мусобақалар натижаларини чуқур илмий ёндашув асосида таҳлил қилиб бориш, улар натижасида спортдаги ютуқларни янада кенгайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам асосий мақсад этиб юклатилган.
Академияга талабаларни қабул қилиш параметрлари Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида белгиланиб қуйидаги муҳим жиҳатларига эътибор қаратилади:
Академия талабаларининг контингенти, биринчи навбатда, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ривожлантирилаётган спорт турлари бўйича сўнгги бир йилда Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган олимпия ва паралимпия коллежлари, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари орасидан уларнинг спорт натижаларига қараб, саралаш (селекция) асосида шакллантирилади.
Муҳим жиҳати шундаки, биринчидан, олимпия ва паралимпия коллежларидан саралаб олинган битирувчилар Академияга тўғридан-тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади.
Иккинчидан, Академия талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.
Учинчидан, Академияда спорт турлари бўйича таҳсил олаётган талабаларни яшаш учун зарурий жиҳозлар ҳамда суткалик озиқ-овқат нормаси билан таъминлашда олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари нормативлари татбиқ этилади. Спорт таълимида ҳозир фаолият кўрсатаётган жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда унинг тегишли филиаллари, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти академия тасарруфига киритилди.
Спорт академияси ўз фаолияти давомида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун малака талабларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида спорт таълими жараёнларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда бакалавриат таълим йўналишларини белгилаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда уларнинг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан хорижий мутахассисларни, шу жумладан, маҳаллий юқори малакали профессор-ўқитувчиларни, терма жамоа тренерларини жалб қилиш, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конюнктурасидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган тартибда белгилаш ҳуқуқига эгадир.
Спорт таълими ривожланган мамлакатлардан етакчи олимлар ва малакали мураббийлар таклиф этилиб, илғор инновацион ғоя ва кўникмаларни ўзлаштириш асносида илмий тадқиқот ишларини юксалтириш, илмий-назарий манбаларга таянган ҳолда спортчи ҳамда мураббийларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хорижий шериклар билан илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича ҳамкорлик тўғрисида идоралараро битимлар ҳамда шартномалар тузиш, узоқ ва қисқа муддатли мутахассислар алмашинувини амалга ошириш бўйича келишувларни имзолаш ҳам Академия зиммасига юклатилди.
Академияни тамомлаган битирувчиларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 6 йилга берилади. Энг муҳими, мутахассислиги бўйича 3 йил ва ундан зиёд иш стажига эга бўлганлар раҳбарлик лавозимларига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади. Спорт академияси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Давлат спорт тиббиёти илмий амалий марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Давлат спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спорт тиббиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини тиббий жиҳатдан мусобақаларга тайёрлашни ташкил қилувчи давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади.
Спортчиларга хорижий тилларни ва Ўзбекистон тарихини чуқурлаштирган ҳолда ўргатиш мақсадида Академия тузилмасида Ахборот-кутубхона марказини ўз ичига олувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази ташкил этилади. Бу марказда ўқув ва илмий адабиётлар, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун бадиий адабиётлар фонди ташкил этилади. Талабалар энг аввало, ўз она тилининг тарихи ва келиб чиқишини, ундан кейин хорижий тилларни ва спорт таълими ривожланган мамлакатларнинг тарихини ўрганиши мақсадга мувофиқ.
Спорт академиясида бакалавриатда спорт фаолияти, адаптив жисмоний тарбия ва спорт (параспорт), спорт менежменти, магистратурада спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича), адаптив жисмоний тарбия ва спорт (параспорт), спорт ҳуқуқи, спорт менежменти, спорт маркетинги, спорт психологияси мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланиши режалаштирилган. Кўзланган асосий мақсад эса жисмоний тарбия ва спорт соҳасида замонавий билимлар, таълим тизимида илмий-амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар, муайян кўникмаси бор, иқтидорли мураббийларни тайёрлашдан иборат.
Жасур Зарифбоев,
ЎзДЖТСУ халқаро ҳамкорлик ишлари бўйича проректори,
Нодир Ғаффоров,
Ўзбек ва чет тиллари кафедраси мудири, филология фанлари доктори