Спорт: Сафина Саъдуллаева Германияда совриндор бўлди
Германиянинг Котбус шаҳрида енгил атлетиканинг аёллар ўртасида баландликка сакраш йўналиши бўйича “International Jump Meeting Cottbus” турнири ўтказилди.
Мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини Сафина Саъдуллаева муносиб ҳимоя қилган ҳолда 1,88 метр натижа қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди.
Аслида ушбу баҳсларда кумуш медалига эга чиққан италиялик Идеа Пьерони ҳам 1,88 метр баландликка сакраган эди. Уларнинг тақсимоти уринишлар ҳисоби бўйича ҳисобланди. Аниқроғи, Сафина ушбу баландликни учинчи уринишда забт этган бўлса, Идеа биринчи сакрашдаёқ ўз мақсадига етди.
Нуфузли турнирда германиялик Кристине Хонсель 1,91 метр баландликка сакраб олтин медалга эга чиқди.
Маълумот ўрнида: 2024 йил ўтган «International Jump Meeting Cottbus» турнирида Сафина Саъдуллаева 1,86 натижа билан учинчи ўриндан жой олган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА