Спорт: имконият ва истиқболлар
Бугунги кунда қай бир спорт тури бўлса ҳам ёшларимиз халқаро майдонларда Ватан байроғини баланд кўтариб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Дунёнинг энг ривожланган давлатлари спортчилари мусобақаларда бизнинг спортчиларимиз билан ҳисоблашяпти. Ватанимиз ёшлари эришаётган натижалар эса ҳар биримизни бирдек қувонтирмоқда. Ютуқ ва ғалабаларимиз замирида эса мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга бўлган эътибор ётибди.

Навоий олимпия ва паралимпия захиралари коллежида ҳам Ватан шаънини улуғлаб, юрт байроғини баланд кўтараётган спортчилар тарбияланмоқда. Айни пайтда коллежда 21 та спорт тури мавжуд бўлиб, уларнинг 19 таси олимпия ва 2 таси миллий спорт турларидир.
– Коллежда 2021-2022 ўқув йилида 549 нафар ўқувчи таълим олган бўлса, уларнинг 100 нафари битирувчилардир, – дейди коллежнинг спорт ишлари бўйича директори ўринбосари Азиз Шомуродов. – Ўқувчиларимизга 65 нафар малакали ва тажрибали тренерлар сабоқ бериб келмоқда Ўқитувчиларнинг 18 нафари олий, 38 нафари биринчи тоифали тренердир. Ёшлар турли мусобақаларда фаол иштирок этиб, юртимиз байроғини баланд кўтармоқда. Якунланган ўқув йили давомида Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида 357 та медаль қўлга киритилган бўлса, уларнинг 102 таси олтин, 115 таси кумуш ва 140 таси бронзадир. Шунингдек, Осиё чемпионати ва кубоги мусобақаларида 4 та кумуш ва 2 та бронза, Жаҳон чемпионати ва кубоги мусобақаларида эса 4 кумуш ва 3 та бронза медалига эгалик қилган.

Бугунги кунда ёшлар коллеж битирувчилари Кумушхон Файзуллаева, Элбек Султонов билан фахрланади. К.Файзуллаева 2018 йил октябрь ойида Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтган III Бутунжаҳон ўсмирлар олимпиада ўйинларида оғир атлетика бўйича олтин медални қўлга киритган бўлса, 2020 йил Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида фаол иштирок этди. Шунингдек, Э.Султонов Токио олимпиадасида пара енгил атлетиканинг Ғ12 классида ядро улоқтириш бўйича 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медалига сазовор бўлган эди.
– Ҳозирда 10-18 июнь кунлари оғир атлетика бўйича Мексикада бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун тайёргарлик кўряпман, – дейди коллеж тарбияланувчиси Нигора Сувонова. – Тайёргарлик жараёнлари яхши кетмоқда. Айни пайтда ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этаётган бўлсам, келгусида катталар ўртасидаги чемпионатларда, олимпия ўйинларида қатнашиш ниятидаман.

Ютуқларга эришаётган ўсмирларимиз келгусида халқаро даражадаги мусобақаларда иштирок этиш имконига эга. Улар учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 5 ноябр куни “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу барча спорт турларини ривожлантириш орқали ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар сонини кўпайтириш, 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига спортчиларимизнинг ҳар томонлама тайёрлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун дастуриламалдир.
– Ушбу қарор ижросини таъминлаш ва келгуси йилларда натижадорликни янада ошириш мақсадида истиқболли режаларни тузиб олганмиз, – дейди А.Шомуродов. – Ҳозирда спортчиларнинг ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунинг учун юртимиздаги бошқа спорт таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, давлат буюртмаси асосида унвонли ва разрядли спортчиларни тайёрлаш диққат марказимизда.
Ҳар бир чора-тадбир эртага ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз. Ёш спортчилар эса Ватанимиз номини яна бир бор жаҳон ареналарида янграшига, юрт байроғининг эса баланд ҳилпирашига ўз ҳиссасини қўшади.
Абдували Бўриев, ЎзА