“Спорт бизни бирлаштиради”
Азалдан полвонлар, кураги ерга тегмаган курашчилар юрти бўлиб келган Фарғона вилояти Фурқат туманидаги касб-ҳунар мактабида “Спорт бизни бирлаштиради” шиори остида тадбир ташкил этилди. Унда касб-ҳунар мактабининг спортсевар ўқувчилари волейбол, мини футбол, стол тенниси, шахмат-шашка ва енгил атлетика турлари бўйича ўзаро беллашди.
Байрамона тус олган тадбирни касб-ҳунар мактаби директори Шаҳзода Абдуллаева очиб берди. У ўқувчиларга спорт мусобақаларида зафар тилади ва юртимизда ўтказилажак муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича референдумда фаол иштирок этишларига умид билдирди.

Шундан сўнг спорт беллашувларига старт берилди. Таълим муассасасида таҳсил олаётган 400 нафардан зиёд ўқувчи ёшлар иштирокидаги мусобақалар қизғин курашларга бой бўлди. Серғайрат, соғлом ва тиришқоқ ўқувчилар турли йўналишларда ўз маҳоратларини намойиш этди.
– Йигитлар аввало Ватан ҳимоячиси саналади. Бунда эса соғлом бўлиш, спортга ошнолик, чиниқиш муҳим жиҳатдир, – дейди касб-ҳунар мактабининг 2-босқич ўқувчиси Яҳёбек Усмонов. – Бугунги тадбир барчамизга манзур бўлди. Устозларимиз томонидан турли мусобақа ва беллашувлар мунтазам ўтказиб келинади. Айниқса, спорт беллашувлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтади.

– Беллашувларда қизлар ҳам фаол иштирок этишяпти. Мен югуриш беллашувида қатнашяпман. Албатта ғолиблик учун ҳаракат қиламан, – дейди яна бир ўқувчи Нилуфар Сулаймонова. – Бундай тадбирлар ўзимизда соғломлик, мақсад сари интилиш, машаққатларни енгиш, муаммоларга қарши курашиш хислатларини шакллантиришда қўл келади.

Мусобақа якунланиб, ғолибларни ва фаол қатнашувчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари ҳам иштирок этди, совриндорларга эсдалик совғаларини тақдим қилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА