Спикер ва ёшлар учрашуви ташкил этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатасининг раҳбарияти, фракция раҳбарлари, депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, сиёсий партияларнинг “Ёшлар қаноти” вакиллари, шунингдек, барча ҳудудларда ташкил этилган студиялар орқали фаол ва ташаббускор ёшлар ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳудудлардан сайланган аъзолари қатнашди.
Маълумки, ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот билан танишиб, 2024 йилда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида илк бор кенг кўламли форматда ташкил этилган учрашувда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун яратилаётган шарт-шароитлар, бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритилди.
— Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов. — Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари мустаҳкамлаб қўйилгани Ўзбекистонда ёшларга бўлган эътиборни янги босқичга кўтариш имконини беради. Хусусан, янгиланган Конституциямизда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши муҳрлаб қўйилди. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланди.
Шунингдек, Спикер ўз сўзида ёшларни парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларига жалб этиш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Учрашувда сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, фракциялар томонидан илгари сурилаётган янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифлар ҳақида кенг маълумотлар беришди. Қайд этилганидек, ўтган қисқа даврда ёшларга оид 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.
Ёшлар етакчилари тавсияси билан шу йилнинг ўтган даврида 338 минг нафар йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабаларнинг шартнома маблағлари тўланди, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилди. Ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилди. Жорий йилда 236 минг нафар ишсиз йигит-қиз ва 189 минг нафар мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари фаолият олиб бораётгани таъкидланди. Улар томонидан қонун лойиҳаларига таклифлар бериш, қонунларнинг мазмун-моҳияти, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Учрашувда ёшлар ҳам сўз олиб, уларга яратилаётган кенг кўламли имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
— Бугунги учрашувда биз қуйи палата фаолияти, норма ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмита иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик, — дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Фарзона Искандарова. — Таъкидлашим керакки, палата мажлисларининг онлайн узатилаётгани биз бўлажак юристлар учун фойдали бўлмоқда. Сабаби, қабул қилинаётган қонунлар мазмуни, муҳокамалар жараёни, тортишувлар, баҳс-мунозаралар бизда катта қизиқиш уйғотяпти. Бундан ташқари, депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича берилган таклифлардан ҳам хабардор бўлиб турибмиз.
IT Park Қорақалпоғистон Республикаси филиали менежери Исламбек Исмайлов эса ўз сўзида ёшлар форумлари ва конференцияларни кўпроқ ташкил этиш таклифини билдирди:
— Президентимиз шу йил 15 декабрда ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар билан танишар экан, келгуси йилда ёшлар сиёсатидаги устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, Ўзбекистон болалар ташкилотини тузиш таклифи билдирилди. Бу болалар истеъдодини ривожлантириш, уларнинг қизишлари ортишида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги учрашув давомида Ўзбекистоннинг қонунчилик жараёни ҳақида кўп маълумот олдим. Жумладан, қонунларни биринчи, иккинчи, учинчи ўқишда қабул қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдим. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш, бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан Ёшлар форумлари ва конференцияларни кўпроқ ташкил этиш мақсадга мувофиқ, — деди Исламбек Исмайлов.
Тадбир якунида ёшлар замонавий парламент кутубхонаси, катта мажлислар зали ҳамда Қонунчилик палатасининг музейи билан яқиндан танишдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА