Бугунги кунда деярли ҳар куни мамлакатимизнинг қайсидир бурчагида турли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлгани ҳақидаги нохуш хабарларни эшитамиз. Афсуски, бу борадаги ҳалокатлар минглаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани сир эмас. Бу эса соҳадаги чора-тадбирларни янада кучайтиришни тақозо этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев йўлдаги қоидабузарликлар учун жазони кучайтиришни, магистраль йўлларда тезликни 80, 90 км/соатгача чеклаб, қўшимча фоторадарлар ўрнатишни таклиф этмоқда.
Унинг қайд этишича, қоидабузарлик учун жазонинг муқаррарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.
– Мана, мисол учун, пойтахтимизда радарлар ва светофорлар ўрнатилган кўчаларда ЙТҲларнинг кескин камайгани қайд этиляпти. Менимча, мамлакатимиз бўйлаб ҳақиқий, халқаро меъёрлардаги автострадалар қурилгунигача ҳозирги магистраль йўлларимизда тезликни 80, 90 км/соатгача чеклаб, қўшимча фоторадарлар ўрнатилсагина босар-тусарини билмайдиганларни тарбияласак бўлади. Улар тўлайдиган жарималарни ҳам дадил, қўрқмасдан бир неча карра кўтарсак, халқимиз бундай қарорларни фақат олқишлаган бўларди назаримда. “Халқимиз” тушунчасига қонун-қоидага итоаткор ҳайдовчиларимизни ҳам қўшган бўлардим. Негаки, “ўпкаси шишган шумахерлар”дан, бир нарсадан қуруқ қолаётгандек орқадан “тақаб” келадиган “тақибчилар”дан улар ҳам безор.
Йўлларимиздаги бошбошдоқликка чек қўйиш, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган ЙТҲларга барҳам беришни кўзлаб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кескин кучайтирсак, жазонинг эса муқаррарлигини (замонавий техник воситалар ёрдамида) қатъий таъминласак мақсадга мувофиқ бўлар эди, – дейди Спикер ўринбосари.
Дарҳақиқат, бугун йўл-транспорт ҳодисаларининг ортиб бораётгани ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини, эҳтиёткорлигини ошириш, соҳадаги ишларни жадаллаштиришни тақозо этади. Инсонлар ҳаёти билан боғлиқ ушбу долзарб масала ҳам масъулларнинг, ҳам ҳайдовчи ва йўловчиларнинг эътиборида бўлиши лозим.
М.Комилова, ЎзА