Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида буюк озар шоири Фузулий таваллудининг 530 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Озарбайжон маданияти кунлари доирасида ташкил этилди. Тадбирга икки қардош юртнинг маданият, адабиёт соҳаси вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, талабалар таклиф этилди.   

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Каримли, адабиётшунос олим Нурбой Жабборов ва бошқалар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари тобора равнақ топиб бораётганини таъкидлади.   

–Навоийнинг,  Фузулийнинг сатрлари мангуга битилган бўлиб, уларни дўстлигимиз, қардошлигимиз рамзи сифатида эътироф этиш мумкин, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Бизда Озарбайжон адабиётига юксак эҳтиром билан қаралади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида 2022 йилда чоп этилган 100 жилдли  муҳташам “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг 16 жилди  Озарбайжон адабиётига бағишланган. Самад Вурғун, Анор Муаллим сингари ижодкорларнинг асарлари ўзбек китобхони томонидан энг кўп ўқилади.   

–Озарбайжон маданияти кунларининг мана шундай илк муҳташам тадбирида қатнашаётганимиздан бахтиёрмиз, – деди Озарбайжон маданият вазири Адил Каримли. – Маданият кунлари бундай адабий тадбирлар билан очилишида ўзига хос маъно бор. Зеро, азалдан халқларимиз ўртасидаги яхши муносабатларнинг шаклланиши ва ривожланишида адабиётнинг ўрни беқиёсдир.   

– Апрель ойида Озарбайжон Миллий илмлар академиясида Фузулий таваллудининг 530 йиллик тадбирларида қатнашдик, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Ҳазрат Навоий Низомий Ганжавийга қанчалик эҳтиром кўрсатган бўлса, Фузулий ҳам Алишер Навоийга шунча эҳтиром кўрсатади. Навоий ва Фузулий ижоди ўртасидаги уйғунлик ғазалга заргарона муносабатда, туркий дунёнинг бетакрор ифодасида яққол намоён бўлади.   

Анжуманда Фузулийнинг икки жилдлик “Куллиёти” тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоб Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият  маркази томонидан чоп этилган бўлиб, бу нашрга Озарбайжон Миллий Фанлар академияси академиги Иса Ҳабибейли ва Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддинов илмий муҳаррирлик қилган. Китобни Каримулла Маматзода нашрга тайёрлаган. Куллиётдаги ғазалларни фидойи ўзбек таржимони, атоқли олим Ҳолид Расул ўзбек тилига ўгирган.     

Адабий кечада таъкидланганидек, мумтоз туркий адабиёт тарихига назар солинса, Навоий ижоди озарбайжон адабиётига, Фузулий ижоди ўзбек адабиётига катта таъсир кўрсатган. Фузулийнинг озарбайжонча девони ўзбек халқи орасида XVIII-XIX асрлардаёқ кенг тарқалган ва бир неча бор ўзбек тилига нашр қилинган. Ғазаллари куйга солиниб, хонандалар томонидан асрлар мобайнида куйланиб келинмоқда. Девоннинг кўчирилган нусхаларидан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.   

Тадбирда ўзбек ва озарбайжон адабиётидаги муштараклик, Фузулий ижодиёти ҳақида батафсил сўз юритилди.   

Кеча сўнгида озарбайжонлик санъат усталари томонидан Фузулийга бағишланган саҳна кўринишлари, шоир ғазаллари билан айтилувчи қўшиқлар  ижро этилди.   

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сўз санъатидан бошланган дўстлик