Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармасида Навоий давлат университетининг рус ва қозоқ филологияси, тарих ҳамда ўзбек тили ва адабиёти факультетлари томонидан “2025 йил – Навоий вилоятида Алишер Навоий йили” ва буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўз чиққан навоийшунос олимлар Алишер Навоий ижодининг аҳамияти, буюк аждодимиз яратган асарлар ва аллома илмий-ижодий меросининг мазмун-моҳияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мутафаккир бобомиз таваллуди олийгоҳда қизғин нишонланиши кўп йиллик анъанага айланганлигини алоҳида таъкидлади.

– Тадбирда улуғ бобомиз ижодий меросининг ўрни ҳамда роли ҳақида талабаларга маълумотлар берилди, – дейди ўзбек тили ва адабиёти факультети доценти Зариф Қувонов. – Таъкидлаш ўринлики, бадиий адабиётнинг юксалишида Алишер Навоийнинг тутган ўрнини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Маълумотларга кўра, Алишер Навоий ўз асарларида 1 миллион 378 минг 660 тадан ортиқ бетакрор сўз қўллаган. Бугунги кунда вилоятимиз, шаҳримиз, шунингдек, кўплаб таълим муассасалари, кўчалар, маҳаллалар, гузарлар, истироҳат боғлари, кинотеатр ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари Алишер Навоий номи билан юритилади. Бу албатта, алломага бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром белгисидир.
Тадбирда талабалар томонидан ижро этилган мутафаккир ғазаллари ва рубоийлари, шунингдек, саҳна кўриниши барчага хуш кайфият бағишлади.


А.Бўриев, ЎзА мухбири