Соя ўсимлиги нега оммалашмаяпти?(+видео)
Бугунги кунда дунё деҳқончилигида катта майдонларда жойлаштирилаётган соя ўсимлиги буғдой, шоли, маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди. Маълумотларга кўра, соя дунё мамлакатларида 100 млн. гектарга яқин майдонда етиштирилиб, ер шари аҳолисининг 53 фоизи фақатгина соя мойини истеъмол қилади.
Бироқ бизни давлатда ушбу шифобахш, оқсилларга бой ўсимлик унчалик оммалашмади. Дастлаб ғўза ораларига экиб кўрилди, кейин эса кенг майдонларда етиштирилди. Фермерлар билан суҳбатлашганимизда уни ўрим-йиғимида иштирок этадиган ўрим комбайнлари ушбу ўсимликка мослашмагани туфайли ҳосилнинг бир қисми йўқотилаётгани айтишди. Хуллас, бугунги кунда ушбу соҳа тадқиқотларга, олимларнинг чуқур илмий ўрганишларига муҳтож.
Ушбу ўсимликни ривожлантириш учун бугун жойларда соя кластерларини ташкил этиш, агротехникасидан тортиб, ҳосилни йиғиб олишгача бўлган жараёнларни, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотгача бўлган занжирни барча туманларда яратиш вақти келганга ўхшайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра юртимиз далаларида 2022 йилда 52 708 гектар майдонда соя ўриб олиниб, салкам 70 минг тонна ҳосил кўтарилган бўлса, 2023 йилга келиб, 102 665 гектар майдонда 142.5 минг тонна ҳосил йиғиштириб олинган. Албатта, дунё саноатида катта ўрин эгаллайдиган ва йил сайин талаб ошиб бораётган ушбу ўсимликни етиштириш ҳажмини йилдан йилга ошириб борилиши эътиборга молик. Бироқ, бу саноат даражасига ва экспорт учун етарли кўрсаткичлар эмас.
Бу борада олимларимиз томонидан серҳосил ва тупроқ-иқлим шароитимизга чидамли навлар ҳам яратилмоқда. Хусусан, Тошкент давлат аграр университетида соянинг бир қатор истиқболли навлари устида илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
– Соя майдонларига бугун юқори ҳосил берадиган, оқсилли, мойли навлар керак бўлади, - дейди Тошкент давлат аграр университети доценти, қишлоқ хўжалиги фанлари фалсафа доктори Гулчеҳра Тангирова. – 2009 йилда Корея давлатидан олиб келинган янги навни биз узоқ йиллар давомида ўргандик ва ўрганиш натижасида бу ўсимликни Ўзбекистон шароитига жуда тез мослашувчанлигини ҳисобга олиб, чатиштириш орқали янги “ТДА-5” навини яратдик. Бу ўртапишар нав. Дони таркибида 23% мой ҳамда 42% оқсил борлиги аниқланди. Бу навни Ўзбекистон ҳудудидаги барча жойларга экишга тавсия берамиз.
Ушбу ўсимлик дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулотлар тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади. Соя инсон организми томонидан энг тез ҳазм бўлиши, зарарсизлиги билан пахта ва бошқа ўсимликлар мойидан устун туради.
Дони таркибида 45% гача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи сақлайди. Шунингдек, ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталар мавжуд. Шунинг учун соя оқсилидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, турли хил гўштлар, экологик тоза сифатли мой, тухум порошоги олиш мумкин. Унинг оқсилидан қон плазмалари, кўз ойнаклар учун сифатли линзалар олинади. Бундан ташқари жун-газламалар ишлаб чиқарилади.
Соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари қотиб қолмайди ва улар 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради ҳамда фақат буғдой унидан пиширилган нонларга қараганда икки марта тўйимли ҳисобланади.
Чорвачиликда соя маҳсулотлари, энг сифатли ва тўйимли ем-ҳашак озуқалари бўлиб ҳисобланади. Донидан заводларда мой ажратиб олингандан сўнг, қолган шроти таркибида 14 хил аминокислота мавжуд бўлади.
Ана шу моддалар 3 кунлик жўжалар учун аминокислоталарга бой озуқа сифатида тавсия қилинади. Катта товуқчилик фермаларида соя шроти билан озиқлантирилганда улардан олинадиган тухум сони ортади.
Соя оқсилидан ипакчиликда ҳам озуқа сифатида фойдаланилади. Масалан, Японияда бир йилда беш мартагача ипак қурти боқилади. Бунда, соя оқсилидан суюлтирилган пасталар тайёрланиб, қуртлар озиқлантирилади.
Бу ўсимлик тупроқ унумдорлигини ошириш борасида ҳам энг муҳим экинлардан биридир. Соя дуккакли ўсимлик сифатида ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни азот билан бойитади. У бугунги кун деҳқончилигида энг муҳим экин бўлиб, тупроқ структурасини яхшилаб, биологик унумдорликни оширади, ўзидан кейин тупроқда 55-60 кг миқдорда соф азот қолдириб кетади. Соя экилган далаларда тупроқнинг микрофлораси яхшиланади, тупроқда биологик ва экологик тизим вужудга келади.
Мухтасар қилиб айтганда, соя етиштириш билан икки муҳим муаммони, биринчиси тупроқни биологик азот билан бойитиш, азотли ўғитларни кам сарфлаш орқали фермер хўжаликларининг самарадорлигини оширишга, иккинчиси аҳолини энг сифатли, таркибида инсон учун зарарли моддалари бўлмаган ўсимлик мойи билан таъминлашга эришилади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/VBIWhTE5lS8" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА