Сохталаштириб бўлмайдиган сертификат
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси таркибида барча вилоят ҳамда туманларда раҳбар аёллар фаолият юритиб келади.
Хўш, бугун уларнинг асосий фаолияти нимадан иборат? Хотин-қизларнинг иш билан бандлиги, тадбиркорлик масаласида қандай кўмак бериб келмоқда?
Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани “Тадбиркор аёл” ассоциацияси раҳбари Мавжуда Амоновани суҳбатга чорладик.
– Ҳозир шахсан менинг энг асосий фаолиятим “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларни касбга йўналтиришга қаратилган, – дейди опа суҳбат аввалида. – Бу дафтарга ишсиз, молиявий кўмакка муҳтож аёллар киритилади.

– Ўқитиш тартиби қандай?
– Ҳар бир маҳалла “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар рўйҳатини шакллантириб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман бўлимига юборади. У ерда аёлнинг исми-шарифи, паспорт маълумотлари, телефон рақами ҳамда фаолият тури ёзилган бўлади. Уларнинг хоҳиш-истакларига қараб 40 соатлик дарслар ташкил этилади. Бу дарсларга ўзим тренерлик қиламан. Ўқитиш давомида бизнес режа тузиш, маркетинг йўналиши ва ишни ташкил қилиш, молиявий саводхонлик бўйича билим ва кўникмалар берилади.
Ҳозирча чорва билан савдодан ташқари деярли барча йўналишлар бўйича уларни ўқитдик. Иссиқхона қуриш, қуёнчилик, сартарошхона очиш бўйича керакли тавсияларни берганимиздан сўнг, уларга сертификат берилади. Ушбу сертификат орқали халқ банкидан 3 йил муддатга 30 миллион сўм миқдорида 14 фоизли имтиёзли кредит берилади. Аёллар истаган пайтларида Халқ банкидан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши мумкин.
– Сертификатни беришда таниш-билишчилик ёки бюрократияга йўл қўйиш холатлари кузатиладими?

– Бу сертификатни асло сохталаштиришнинг имкони йўқ. Чунки аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларни ўқитишни бошлаган кунимиздан ҳар кунги дарс жараёни марказга юборилиб турилади. Биз ўқитаётган хотин-қизларнинг ҳар бирини телефон рақамлари, яшаш манзили уларга тақдим этилади. Шу асосда марказдагилар аёллар билан боғланиб ,“Сизни ким ўқитди?”, “Нималарни ўргандингиз?” деган саволлар билан текшириб туришади.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Республика Халқ банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан имзоланган меморандумга асосан белгиланган тартибда сертификат юборилади.
– Шу пайтгача қанча шогирдлар чиқардингиз?
– Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон тумани, Нарпай, Пахтачи туманларидан жами мингдан ортиқ “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизларни ўқитдим.
– Натижалар қандай?
– Туманимизда яшовчи бир пайтлар “Аёллар дафтари”га киритилган Наргиза Солиева тикувчилик цехи ҳамда ошхона очиб, ўзи каби ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлади. Маҳфуза Қаюмова иссиқхона ташкил этиб, 30 дан зиёд хотин-қизларни банд қилди. Ёки бир нечта хотин-қизлар ўқишни тугатгач, кредит олиб, ўзи яшайдиган хонадонда 25 нафар болага мўлжалланган оилавий мактабгача таълим муассасасини ташкил этиб, ҳар бири 3 тадан иш ўрни яратди. Булар тарбиячи, ошпаз ҳамда энагалик лавозимлари.
Ҳозир тадбиркорга айланган аёлларнинг аксарияти мактабни битиргач, бирор касб-ҳунар этагини тутмаган, ҳеч қаерда ўқимаган аёллар. Уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлагани, оиласига ва жамиятга кераклигини ҳис қилаётганини кўришнинг ўзи биз учун катта мукофот.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди