Сўнгги йилларда халқ табобатини ривожлантириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, айрим сохта табиблар моддий манфаатдорлик сабаб рухсат этилмаган усуллар билан инсонлар соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда.
Маълумотларга кўра, Бўстонлиқда чорвачилик билан шуғулланувчи шахс мижозларнинг оғзига тупуриб «даволаш» билан шуғулланган. Фарғонада эса бир шахс касалларни «жинлар билан гаплаштириб даволаш»ни йўлга қўйган. Бундай мисоллар, афсуски, кўпайиб боряпти. Шунингдек, бу каби хизматларни Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ноқонуний реклама қилиш ҳолатлари ҳам ортмоқда.
Фуқароларимиз соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида халқ табобати билан боғлиқ қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси фракциясининг йиғилишида ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, рухсат этилмаган усуллар билан, шунингдек, халқ табобатига алоқадор бўлмаган даволаш усуллари билан касалларга хизмат кўрсатиб келаётган сохта табибларга маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда ташхис қўйиш ва даволаш ҳамда бундай хизматларни тарғиб қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима, худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида қайта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, бу каби хизматлар рекламасига тақиқ қўйилмоқда.
Қонун лойиҳаси халқ табобатида рухсат этилмаган усулларни чеклаш орқали фуқароларимиз соғлиғини асрашга хизмат қилади. Қолаверса, айрим сохта ва ноинсоф табиблар фаолиятига чек қўяди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/hzVWIMwHw7E?si=mxSJYRfm18dnMYHX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Муҳтарама Комилова,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА