Атрофимизда кечаётган воқеаларни кузата туриб бугун одамларга нима бўляпти, дея ўйланиб қоласан. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қамаши туман суди томонидан имом-хатиблар, маҳалла раислари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирокида ўтказилган сайёр суд мажлисида муҳокама қилинган масалаларни кузата туриб, шундай фикр бир муддатга миямдан ўтди.
Ёши бир жойга борган инсонларнинг болалардек йўл тутиши, ачинарлиси, инсон тақдирини гўёки қимматсиз буюмдек эрмак қилишларидан кимга ачиниш кераклигини тушунмайсан. Сартарошхонада шаръий никоҳдан ўтиб хотинлик даъво қилган аёл, хотин устига хотин олган, айни пайтда 4 аёлга уйланган «эрига» қонуний жазо сўраркан, эркак буларни ҳеч бирини рад қилмади. Маълум бўлишича сартарошхонада никоҳ ўқиган шахснинг бирор диний маълумоти бўлмаган. Шундай бўлсада, савоб талаблик умидида бу ишга қўл урган. Бироқ бу унга қимматга тушди. Сохта мулла 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтайдиган бўлди.
– Динимизда оила тушунчасига алоҳида эътибор берилиши айтилган, – дейди Қамаши туман бош имом-хатиби Оқилхон Аҳмедов. – Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) никоҳланинглар, кўпайинглар мен сизларнинг кўпликларингдан фахрланаман, деганлар. Бугунги кунда шундай ҳолатлар туманимизда содир бўляптики, никоҳни ўзи билмаган ҳолатда бир оз маблағ учунми ёки илтимосларга кўра, ўқиб қўйишмоқда. Бу эса оғир оқибатларга олиб келмоқда. Яъни бир оила бузилиб, кетяпти. Ажрим ҳолатлар кўпаймоқда.
Судда кўрилган маъмурий ишлар орасида аёлларнинг шаръий никоҳ ўқиганлиги билан боғлиқ ҳолат ҳам муҳокама қилинди.
Ҳуқуқбузарликлар юзасидан сўзга чиққанлар табиийки айбларига тўлиқ иқрор бўлмади. Аммо тўпланган ҳужжатлар қонунийликни таъминлашга етарли эди. Унга кўра, 3 нафар ҳуқуқбузарга тегишли тартибда жарима жазоси тайинланди.
– Бугунги кунда оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири диний маросимларнинг нотўғри ўтказилаётганлигидир, – дейди жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди судьяси Фаёза Қамбарова. – Бунда динни яхши тушунмаганлар томонидан ноқонуний равишда шаръий никоҳларнинг ўқилаётганлиги яъни оилалар қонуний тартибда суд томонидан ёки ФҲДЁ органлари томонидан ажрим тўғрисида қарор қабул қилинмасдан туриб, бошқа бир аёл билан шаръий никоҳ ўқитилиши натижасида ушбу оилаларни келгусида яраштириш имкони бўлмаяпти. Бир нечта фарзандлар тирик етим бўлишига сабаб бўлмоқда. Бугунги тарғиботимиз яъни сайёр суд жараёнида Қамаши туман жиноят суди томонидан 201-модда 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган 14 нафар шахсга нисбатан иш ҳужжатлари кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилинди. Уларга тегишли тартибда жазо тайинланди.
Оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлигига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Чунки бунда ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан муҳофазаланган бўлади. Аммо бу теран ҳақиқатни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Ўтказилган йиғилиш сўнгида тумандаги имом хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, отинойилар ва профилактика инспекторлари иштирокида шаръий никоҳнинг олдини олиш, унинг ҳуқуқий оқибатлари хусусида тушунтиришлар берилиб, ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА